Оилавий поликлиникаларда нима учун фитобарлар ташкил қилинди?
Иммунитет заифлашиши — саломатлик учун жиддий хатар. Бунда организмнинг турли касалликларга қарши курашиш қобилияти сусаяди. Танамиз ўзини ўзи ҳимоя қилиш функциясини тўлақонли адо эта олмай қолади.
Шу боис ҳозир дунёда безиён муолажа усулларини қўллашга эҳтиёж кескин ошган. Бир томондан, айни шу йўналишда янгидан янги тадқиқотлар олиб борилаётган бўлса, бошқа томондан, бу борада яратилган бой илмий-амалий мерос, хусусан, буюк ҳаким бобомиз Абу Али Ибн Сино асарларидан кенг фойдаланиляпти.
Зеро, ўтган асрнинг 40 йилларига қадар жаҳон бўйича дори-дармонлар билан даволаш асоратларидан бор-йўғи 0,5-1,5 фоиз беморлар азият чеккан бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 15-30 фоизни ташкил қилаётгани ачинарли.
Хўш, юртимизда мазкур муаммога қарши қандай амалий ечимлар белгиланган?
Очиқ мулоқотдан кейин очилган йўл Давлатимиз раҳбари 2022 йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволашни ўргатиш муҳимлигини таъкидлаганди.
Чунки халқ табобатининг синалган усулларини замонавий тиббиётга интеграция қилиш орқали даволаш тизими натижадорлигини янада ошириш мумкин. Ҳар бир поликлиникада халқ табобати хоналари, фитобарлар ташкил этиш ташаббуси ҳам худди шу очиқ мулоқотда илгари сурилганди.
Орадан қарийб икки йил ўтиб, аниқроғи, жорий йил 5 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президент яна шу масалага қайтди. Унда ҳар бир маҳаллада фитобарлар, дорихоналарда фитобурчаклар ташкил қилиш, халқ табобати бўйича қисқа курслар ўтказиш, уй шароитида қилинадиган машқлар дастури ва соғлом овқатланиш менюсини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Узоқ кутилган қарор
Очиқ мулоқот кўп янгиликлар учун йўл очди. Ўша йиғилишдан кўп ўтмай, “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатдан давлат тиббиёт муассасалари, жумладан, ҳар бир поликлиникада доривор ўсимликлар воситасида даволашга мўлжалланган халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ўрин олди. Шу аснода Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил 1 июндан самараси исботланган доривор ўсимликларни босқичма-босқич тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва протоколларига киритиш топшириғи ижросига киришди.
Бунда вазирлик томонидан янги яратилган ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этилган дори воситаларининг тиббиёт амалиётида кенг қўлланилишини таъминлаш мақсадида клиник протоколлар, диагностика ҳамда касалликларни даволаш стандартлари ҳар олти ойда қайта кўриб чиқилиши белгиланди.
Барча давлат тиббиёт таълим муассасаларида доривор ўсимликлар ва халқ табобати бўйича таълим беришга йўналтирилган кафедраларни ташкил этиш жараёни бошланди. Ўз навбатида, шифокорларни доривор ўсимликлар ва халқ табобати усуллари асосида даволаш бўйича қайта тайёрлаш, ихтисослаштириш ҳамда терапевт, умумий амалиёт ва оилавий шифокорларни тайёрлашда чуқурлаштирилган ўқитиш йўлга қўйилди.
Тошкент тиббиёт академиясининг клиникаси қошида Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг 40 ўринли даволаш бўлими ва ҳудудларда филиаллари очилди. Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан халқ табобатини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ибн Сино илмининг билимдонлари” танловини ўтказиш анъанага айланди.
Фитотерапия қайси касалликларда самара беради?
Шифобахш гиёҳлар қадимдан тиббий муолажаларнинг асосий қуроли бўлиб келган. Замонавий тиббиётда ҳам дори препаратларининг 45 фоизи ўсимликлардан ажратиб олинади.
Фитотерапияда ҳар бир ўсимлик ўзига хос тарзда оғриқни қолдирувчи, тетиклаштирувчи, тинчлантирувчи, юрак фаолиятини яхшиловчи, гипотензия ва гипертензия, яллиғланишга қарши, балғам кўчирувчи ва терлатувчи каби қатор таъсирларга эга. Айниқса, иштаҳа очиш, овқат ҳазм қилиш ва ич суришда самарали қўлланиб келинмоқда. Бундан ташқари, қон кетиши ва ивишини камайтирувчи, бактерияларни ўлдирувчи фитотерапия маҳсулотлари ҳам кенг фойдаланилади.
Бугунги кунда фитотерациянинг шифобахш хусусиятлари қатор касалликларни даволашда қўл келмоқда. Гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси, холецистит, колит ва энтероколит, пиелонефрит, нейроциркуляр дистония, невроз ва астения шулар жумласидан.
Шифобахш гиёҳлар моддалар алмашинуви ва қон таркибидаги холестерин миқдорини меъёрлаштириши маълум. Қолаверса, артериал қон босими бир меъёрда бўлиши, юрак ва бош мияда қон айланиши яхшиланиши, асаблар бўшашиб, уйқусизлик бартараф этилиши ҳам фитотерапиянинг ижобий самараларидан.
Истеъмол қилинадиган кўкатлар ва зираворлар организмга қўшимча қувват беради. Агар фитотерапия ўз ўрнида қўлланилса, қўшимча муолажа сифатида ривожланиш хавфи бўлган касалликларни бошланмасдан аввал бартараф этиш мумкин.
Менюда нималар бор?
Соғломлаштириш марказлари, фитнес клублари, санаторийлар ва турли клиникаларда фитобарларни учратиш мумкин. Энди улар сафида бирламчи тиббиёт муассасалари, чунончи, оилавий поликлиникалар ҳам бор.
Фитобарларда таклиф қилинаётган ичимликларнинг барчаси шифобахш ўсимликлардан тайёрланади. Бунинг технологияси қадимий ва замонавий усуллар уйғунлашувига асосланган.
Ҳозир поликлиникалар фитобарларидан қуйидаги маҳсулотларни топиш мумкин:
- ўсимлик чойлари;
- янги сиқилган шарбатлар;
- минерал сув;
- малҳам дорилар;
- дамламалар;
- кислородли коктейллар.
Ушбу ичимликларнинг асосий вазифаси танадаги табиий жараёнларни фаоллаштириш учун уни фойдали моддалар ҳамда витаминлар билан тўйинтиришдан иборат. Масалан, фитобарлар менюсида, албатта, чойлар мавжуд ва улар турлича:
Ферментсиз (оқ) чойлар C ва Б витаминлари манбаи, иммунитетни мустаҳкамлайди, овқат ҳазм қилишни яхшилайди, Р витаминига бойлиги туфайли юрак-қон томир тизимига ижобий таъсир кўрсатади.
Нимферментланган (яшил) чойлар.
Яримферментланган (бинафша, қизил, сариқ, кўкиш) чойлар.
Ферментли (қора) чойлар.
Бирор чойни истеъмол қилишдан аввал, албатта, мутахассис билан маслаҳатлашиш зарур.
Кислородли коктейллар кислород билан тўйинтирилган шарбатлардир. Кўпик ҳосил қилиш учун желатин, тухум оқи, қизилмия илдизи ва бошқа аралашмалар ишлатилиши мумкин. Кўпинча коктейлларга витаминли қўшимчалар ҳам аралаштирилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу коктейллар танани тетиклаштириш хусусиятига эга, чарчоқни кетказади, метаболизмни яхшилайди, гипоксиядан халос этади, яъни кислород билан тўйинган тана кўпгина дардлардан халос бўлади.
Гарчи бу шарбату малҳамлар табиий маҳсулотлар, шифобахш ўсимликлардан тайёрланса-да, ҳар бир организм индивидуал хусусиятга эга эканлигини унутмаслик лозим. Қолаверса, ҳар ишда меъёр бўлгани маъқул. Жумладан, соғлик ва иммунитетни мустаҳкамлашда ҳам!
Шу сабабли мутахассислар фитобарга ташриф буюришдан аввал шифокор текширувидан ўтишни маслаҳат беришади. Шундан сўнг тавсия этилган ичимликларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.