Олимлар хурмодан майиз, чипси тайёрлаяпти
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида япониялик олимлар билан биргаликда хурмони қуритиш лойиҳаси устида илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа 2023-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, ўтган йили тажриба сифатида маҳаллий, тахир таъмли хурмодан майиз тайёрланди. Бу йил эса институт олимлари ушбу лойиҳани янада кенгайтирди. Бунинг учун институт ҳовлисида махсус хурмони қуритиш иншооти қурилди.
- Институтимиз олимлари аҳоли даромадини ошириш мақсадида ушбу лойиҳага қўл урди, - дейди институтнинг доривор ўсимликлар ва озиқ-овқат технологияси кафедраси доценти Ҳайитмурод Тилавов. – Лойиҳа доирасида тахир таъмли, яъни лимонли хурмодан майиз, чипси тайёрлашни йўлга қўйдик. Ҳатто хурмонинг пўстлоғини ҳам қайта ишлаяпмиз. Биз бу лойиҳани ўтган йили оддий иссиқхонада бошлагандик. Бу йил "Агробанк" томонидан институтга замонавий қуритиш иншооти қуриб берилди.

Мавсумда ушбу иншоотда 60 тоннагача хурмони қуритиб, ундан майиз тайёрлаш мумкин. Олимлар томонидан хурмони қуритиш бўйича патент олиш ишлари ҳам давом этяпти. Тайёр маҳсулот барча текширувлардан ўтган бўлиб, инсон организмининг хавфсизлигига тўлиқ жавоб беради.
- Ўтган йили озроқ миқдорда хурмодан майиз тайёрладик, - дейди Ҳ.Тилавов. – Маҳсулотларимизни асосан Япониядан келган меҳмонлар олиб кетишди. Қолганлари ички бозорда сотилди. Бу йил ҳам ўтган йилги савдо дўконлари хурмо майизини сўрашяпти. Насиб бўлса, жорий йил кўпроқ миқдорда қуритилган хурмоларни ички бозорга чиқармоқчимиз. Ундан олинадиган даромад институт сарф-харажатларига сарфланади.
Яқинда институтимизга Германиядан келган меҳмонлар ҳам қуритилган хурмоларга қизиқиш билдиришди. Сабаби, хурмо майизи табиий маҳсулот бўлиб, витаминларга бой. Хурмо меваси ватанимизда табиий равишда пишади, унга ҳеч қандай кимёвий дорилар берилмайди. Унга қуритиш жараёнида ҳам кимёвий ишланмалар қўшилмайди. Шунинг учун ҳам соф табиий маҳсулот деб айта оламиз. Хурмо майизининг баҳоси ўз нархига қараганда уч-тўрт баравар юқорилиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Айни кунда институтга Навоий вилоятининг Хатирчи ва Сурхондарё вилоятининг Узун туманларидан хурмо мевалари олиб келинган. Яна хурмо меваларига буюртма берилган. Шунингдек, институт олимлари яқинда Узун тумани аҳолисига хурмодан майиз тайёрлаш технологияси ҳақида семинар-тренинг ўтказишди. Бундай тадбирлар хурмо кўп етиштириладиган аҳоли орасида ташкил этиляпти.

Институт талабалари хурмони қуритиш жараёнига амалиётга жалб этган бўлиб, улар бевосита ушбу жараёнда қатнашяпти ҳамда хурмонинг қуритиш усулини ўрганяпти.
- Дастлаб хурмоларни сувда яхшилаб ювиб оламиз, - дейди институтнинг доривор ўсимликлар ва озиқ-овқат технологияси кафедраси доценти вазифасини бажарувчи Раҳматулло Ташманов. – Сўнгра унинг бандини сақлаган ҳолда пўстидан тозалаймиз. Хурмо банди ип билан боғлаш учун керак. Пўстидан тозаланган хурмолар ипга қатор қилиб боғлаб чиқилади ва қайнаб турган сувда 3-5 сония ушлаб турилади. Кейин уларни қуритиш жойига илиб чиқилади. Хурмолар тахминан бир ой мобайнида қуритилади. Тайёр бўлган хурмо майизлари институтда қадоқланиб, сотувга чиқарилади.
Дарҳақиқат, хурмонинг пўстлоғи ҳам ташлаб юборилмайди, аксинча улар махсус қуритиш мосламасида қуритиб олинади ва ундан ун маҳсулоти тайёрланади. Хурмоли ун маҳсулотини қандолатчиликда шакар ўрнида фойдаланса бўлади. Олимлар инсон организмига зарарли бўлган шакарнинг ўрнига табиий маҳсулотдан фойдаланиш мақсадида ушбу тадқиқотни йўлга қўймоқчи.
Бундан ташқари, институтда хурмодан болалар севиб истеъмол қиладиган чипси маҳсулотлари ҳам тайёрланяпти. Хурмодан тайёрланган чипсилар инсон саломатлигига фойдалиги билан аҳамиятлидир. У ҳам хушхўр, ҳам фойдали маҳсулотлиги билан бошқа турдаги чипсилардан ажралиб туради. Айниқса, болаларини турли зарарли чипсилардан тия олмаётган ота-оналар учун хурмоли чипсилар жуда қўл келади.
Бугун инсонларда йод етишмаслиги, буқоқ касалликлари авж оляпти. Хурмо майизида йод кўплигини ҳисобга олсак, ундан истеъмол қилган кишиларда бундай касалликка учраш хавфи камаяди. Ҳам даромадли, ҳам саломатлик учун фойдали бўлган хурмодан майиз тайёрлаш яқин келажакда аҳоли орасида кенг тарқалишига ишонамиз. Ушбу лойиҳа келажакда аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади.
Хуршида Эрназарова,
Бахтиёр Мустанов (видео).