Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ташкил этилди

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали негизида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 июлдаги “Аграр соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш орқали сифат ва самарадорликни оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгиланди.

Шунингдек, қарорга кўра, филиалга тегишли барча мол-мулк оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтига ўтказилди.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан институт ҳузурида Корея Республикаси ҳукуматининг 4,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобидан “Картошка уруғчилиги ва ишлаб чиқариш тизимини ривожлантиришда кадрлар салоҳияти ва тадқиқотларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида Ўзбекистон-Корея картошка уруғчилиги маркази" ташкил қилинади.

Мазкур институтда Европа Иттифоқининг таълим дастури доирасида етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан “Биоиқтисодиёт” маркази ташкил этилади.

Институт ҳузурида CARIS “Самарқанд инновацион таълим ва қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари тадқиқотлари” марказида халқаро стандартлар асосида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси таҳлили ҳамда тадқиқотлари амалга оширилади.

Институт моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2024-2025 ўқув йилига қадар 1000 ўринли ўқув биноси қурилади ва 360 ўринли талабалар турар жойи реконструкция қилинади.