Олис ҳудудларга 66 та банкомат ўрнатилади
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳолига янада кенгроқ қулайликлар яратиш мақсадида Марказий банк вилоят Бош бошқармаси томонидан марказдан олис бўлган ҳудудларга ҳам босқичма-босқич банкоматлар ўрнатилмоқда. Бугунга қадар вилоятимиз бўйлаб 500 дан ортиқ “HUMO” ва “UZCARD” тўлов тизимида ишловчи банкоматлар ўрнатилди.
Мисол учун, Каттақўрғон шаҳри марказидан олисда жойлашган аҳолига енгилликлар яратиш учун бошқармамиз ходимлари ва АТ “Халқ банки” Каттақўрғон филиали билан ҳамкорликда Ингичка қўрғонида банк филиалига қарашли мини-банк биносига “HUMO” тўлов тизимида ишловчи банкомат ўрнатилди.
Шунингдек, Паст Дарғом, Самарқанд туманларига 6, Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Пайариқ туманларига 5, Иштихон, Оқдарё, Ургут, Нуробод ва Пахтачи туманларига 4, Каттақўрғон шаҳри, Қўшработ ва Тойлоқ туманларига 3 тадан, жами 66 та қўшимча банкоматлар ўрнатилиши режалаштирилган. Ҳозирда режадаги 28 та банкоматни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга Ингичка қўрғонида Президентимизнинг 2017 йил 15 февралдаги “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси бўйича ўрганишлар ҳам олиб борилди. Ҳудуддаги тадбиркорлар томонидан ушбу қарор талабларига амал қилинаётганлигини ўрганиш мақсадида савдо дўконлари танлов асосида кузатилиб, уларнинг ҳисоб-китоб терминаллари билан таъминланганлик даражаси ўрганилди. Қонуний фаолият юритаётган субъектлар ҳисоб-китоб терминаллари билан таъминланганлиги ҳамда ҳисоб-китоб терминалларидан анча самарали фойдаланилаётганлиги кузатилди.
Фурқат АҲМЕДОВ,
Марказий банк вилоят бош бошқармаси нақд пул муомаласини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи.