Олий Мажлис Сенати тўй-ҳашамлар “регламенти”ни тасдиқлади
Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мажлисда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилгани таъкидланган.
Низомга кўра, энди тўйларда 250 нафардан ортиқ, ош маросимларида 300 нафардан зиёд меҳмон таклиф этилмайди. Тўй маросимларини 23:00 гача ўтказиш мумкин. Аммо тўй кортежи 3 та машинадан ортиқ бўлмаслиги керак.
Тўйларда иккитадан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) иштирок этиши тақиқланади.
Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.
50 кишидан ортиқ тўй тадбирларини ўтказиш учун ресторан, тўйхона ва тўй эгаси расман шартнома тузишлари шарт.
“Келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказо тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди.
Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” кабиларни) ўтказишга рухсат берилмайди.
Шунингдек, тўй тадбирлари назорати ҳокимликлар, маҳалла кенгашлари, прокуратура, солиқ ва ички ишларга юклатилмоқда.