Олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш соддалаштирилди. Абитуриентдан атиги учта ҳужжат талаб қилинади, холос

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июнда қабул қилинган  “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан, олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш жараёни соддалаштирилиб, турли бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Қарорга мувофиқ, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар қуйидаги рўйхатдаги олий таълим муассасаларига ҳужжатларни фақатгина давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

1. Тошкент давлат юридик университети;

2. Қорақалпоқ давлат университети;

3. Гулистон давлат университети;

4. Фарғона давлат университети;

5. Самарқанд давлат университети.

Жумладан, илгари абитуриентлардан қабул қилинадиган 086-У шаклидаги тиббий маълумотнома, паспорт нусхаси, 3х4 (6 дона) фотосурати, канцелярия моллари (папка, конверт, оқ қоғоз ва ҳоказо), олий таълим муассаси жойлашган ҳудудга бориб ҳужжат топшириш учун вақт ва маблағ сарфлаш каби талаблар бекор қилинди.

Ҳар йили 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) абитуриент Давлат хизматлари марказига давлат қонунларига бўйсуниш тамойили асосида, бир вақтнинг ўзида учта университетга ҳужжатларни топшириш учун ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда абитуриент Давлат хизматлари маркази ходимларига:

* ички ишлар бўлимлари томонидан берилган фуқаролик паспорти ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (16 ёшгача бўлган шахслар учун);

* умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);

* Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланадиган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим қилиши кифоя.

Зарур маълумотларни расмийлаштиргандан сўнг Давлат хизматлари маркази ходими абитуриентга асл ҳужжатларни қайтаради ва QR-код (матрицали штрих код) қўйилган сўровномани икки нусхада чоп этиб, абитуриентга беради. Абитуриент маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз имзоси билан тасдиқлайди, бир нусхасини ўзида олиб қолади ва иккинчи нусхасини марказ ходимига беради.

Бироқ, давлат хизматлари кўрсатилгани учун жорий йил битирувчиларидан ҳамда ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди. Бошқа барча абитуриентлардан энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида (101 365 сўм) тўлов ундирилади. Шунингдек, давлат хизматини олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этилганда 10% лик чегирмани қўлга киритади.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили ҳамда юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда.

Бугун пойтахт Тошкент шаҳридан то мамлакатимизнинг энг узоқ ҳудудида яшаётган юртдошимизга қадар ислоҳотларнинг реал натижасини ўз ҳаётида кўра бошлагани, бу янгиланишлар минглаб оилалар ҳаёти, миллионлаб инсонларнинг онги, қалби ва дунёқараши ўзгаришига туртки бўлаётгани намунасидир.

М.ҚУРБОНОВ,

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи.