Олий таълимда қилинадиган ишлар кўп ёки “Университет 4.0” нималигини биласизми?
Биз университетларнинг сони билан мақтаниб юришдан, амалиётдан бутунлай йироқ илмий мавзуларни ҳимоя қилишдан бошқасига ақлимиз етмаган бир даврда, бутун дунё “Университет 4.0” ва 4-саноат инқилоби (The Four Industrial Revolution - 4IR) га ўтиш масалаларини муҳокама қиляпти.
Биздаги университетлар давлатдан имтиёз олиш йўлини излаётган, ҳукуматда ўзига лоббист излаб, унинг соясига кириб олишни ўйлаб юрган бир пайтда дунёдаги университетлар ЯИМнинг ошишидаги иштирокини ошириш ҳақида бош қотиряпти.
Маълумот учун: “Университет 1.0” моделидаги университетлар фақат таълим бериш;
“Университет 2.0” моделидаги университетлар таълим бериш билан бирга илмий фаолиятни ҳам йўлга қўйиш;
“Университет 3.0” моделидаги университетлар илмий, таълим ва илмий ғояларни бизнесга тадбиқ этиш;
“Университет 4.0” моделидаги университетлар эса миллий иқтисодиётнинг саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларини фундаментал ўзгартириб, янги йўналишларни очиш, харажатларни максимал даражада минималлаштириш орқали даромадларни максималлаштириш, инсон омилини чеклаш орқали иқтисодиётнинг ҳар бир жабҳасини рақамлаштиришга эришиш, иқтисодий ўсишни таъминловчи янги инновацион моделларни таклиф қилиш билан шуғулланмоқда.
4-саноат инқилоби (The Four Industrial Revolution - 4IR) эса сунъий интеллект (AI), робототехника, инсон омилисиз ўзаро алоқа ўрнатиш имконини берувчи нарсалар интернети (IoT), генетик инженериянинг жадал суръатлар билан ҳаётга тадбиқ этилишидир.
Айтингчи, бизнинг университетларнинг қай бири юқорда санаб ўтилган моделларга тўғри келади. "Университет 1.0” гами? "Университет 2.0” гами? "Университет 3.0” га ёки "Университет 4.0"гами?
Дарслардаги давомат, даражаси тушунарсиз журналларда мақола чиқариш талаби, қанақадир ясалган рейтинглар ортидан қувиш, келажаги мавҳум йўналишларни очиш, талаба қизларнинг рўмолини пойлашни бас қилиб, балки жиддий муаммоларни ҳал қилармиз?
Барногул Санақулова.