Олий таълим: Ютуқлар кўп, аммо саволлар ҳам оз эмас
Олий таълим тизими бошқа соҳалар қатори йилдан йилга ривожланмоқда.
Талабаларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилиш жараёнларидан то уларнинг бакалавр, магистр дипломларини қўлга киритишларигача бўлган босқичлар такомиллашмоқда. Олий таълим муассасалари биринчилардан бўлиб рақамлаштириш тизимига ўтди, ютуқлар талайгина. Бироқ, олий таълим тизимида ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам йўқ эмас. Келинг, шу соҳани ичида чиниққан, баланд-пастини биладиган, ютуқ ва муаммоларидан хабардор олий таълимнинг етук мутахассислари фикрларига қулоқ тутайлик.

Наргиза Ярмухаммедова, Самарқанд давлат тиббиёт университетининг ўқув ишлари бўйича проректори:
- Тиббиёт йўналишларидаги олий таълим муассасаларининг халқаро аккредитациядан ўтказилиши энг муҳим ютуқлардан бири бўлди. Ҳозиргача 8 та тиббиёт университети халқаро аккредитациядан ўтди. Бу битирувчилар дипломининг халқаро миқёсда тан олиниши ва талабаларнинг замонавий билимлар билан таъминланиши учун кенг имкониятлар яратади.
Тиббиёт йўналишидаги университетларда замонавий симуляцион марказлар (реанимация, тиббий ёрдам, акушерлик ва бошқалар бўйича) ташкил этилиб, талабалар мазкур марказларда амалий кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу жараёнда сунъий интеллект технологияларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Сўнгги йилларда тиббиёт университетларига йиллик қабул қилинадиган талабалар сони ортмоқда. Шунингдек, хусусий тиббиёт олий таълим муассасалари сони ҳам ортиб, талабаларнинг 40 фоизи уларда таҳсил олмоқда.
Тиббиёт университетлари ва коллежлари битирувчиларининг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун шаффоф тизим жорий этилмоқда. Шу мақсадда Миллий баҳолаш маркази ташкил этилди.
Бугунги кунда тиббиёт йўналишида таъсил олган хорижлик талабалар Ҳиндистонда тиббиёт амалиёти учун зарур бўлган FMGE (Хорижий тиббиёт битирувчилари имтиҳони)дан 80 фоиздан ортиқ қисми муваффақиятли ўта олди. Олий таълим муассасаларида хорижий талабаларга таълим берувчи педагог-ўқитувчилар сони етарли даражада шаклланган бўлса-да, талабаларнинг клиник амалиёт жараёнларини самарали ташкил этишда муайян муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, хорижий талабалар назарий билимларни инглиз тилида ўзлаштирганидан сўнг клиник базаларда амалий кўникмаларни мустаҳкамлаши зарур. Бироқ, клиник базаларда фаолият юритаётган, хорижий тилни эркин биладиган ҳамда халқаро тил сертификатига эга шифокорлар сони етарли эмас. Натижада талабалар ва амалиёт раҳбарлари ўртасидаги мулоқот ҳамда клиник кўникмаларни ўргатиш жараёнида қийинчиликлар юзага келмоқда. Бу ҳолат хорижий талабаларнинг амалий тайёргарлиги сифати ва халқаро тиббий малака имтиҳонларидаги натижаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Асадулло Даминов, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети профессори:
- Жамиятга малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрларни тайёрлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳанинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақилликнинг босқичма-босқич берилиши, қабул квоталарининг кенгайтирилиши, таълим жараёнига кредит-модуль тизимининг жорий этилиши, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликнинг кучайтирилиши ҳамда илмий фаолиятга алоҳида эътибор қаратилиши ушбу ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари бўлди.
Бу ўзгаришлар натижасида олий таълим қамрови сезиларли даражада ошди. Илгари олий таълимга кириш имконияти чекланган бўлса, бугунги кунда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, хорижий университетлар филиаллари ҳамда масофавий таълим шакллари орқали ёшлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга, профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллигини ошириш, халқаро журналларда мақолалар чоп этиш, илмий даража ва унвон олиш жараёнларининг такомиллаштирилиши ҳам ижобий натижалар бермоқда. Айниқса, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Университетларда илмий лабораториялар, инновацион марказлар ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизими шаклланди. Бу эса талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, ҳали ечимини кутаётган баъзи муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, айрим ҳудудларда моддий-техника базаси етарли даражада эмас, замонавий лаборатория жиҳозлари ва ўқув-амалий инфратузилмага эҳтиёж юқори.
Профессор-ўқитувчиларнинг ҳисобот ва ҳужжатбозлик юкламаси баъзан асосий вазифа, яъни таълим бериш ва илмий изланишларга тўлиқ эътибор қаратишга тўсқинлик қилади.
Шунингдек, кейинги йилларда олий таълимда ўқиб турган талабаларни бошқа олий таълим муассасасига, яъни бошқа таълим йўналишига тест топшириб киришга имкон берилган. Бу балки бир томондан яхшидир, лекин танганинг иккинчи томонига ҳам эътибор қаратиш лозим. Масалан, биология ёки ветеринарияга оид йўналишлардан бирида ўқиётган талаба биринчи босқични тугатиб, тиббиёт институтига тест топшириб ўтиб кетиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Натижада талаба учун ажратилган квота ўрни бўш қоляпти. Тиббиёт институтида эса талабалар сони ортиб кетяпти. Бошқа йўналишдаги олий таълим муассасаларида ҳам худди шундай муаммолар кузатиляпти.
Бу муаммонинг олдини олиш учун олий таълимга абитуриентларни ўқишга қабул қилиш жараёнида фанлар мажмуасини шакллантиришни қайта кўриб чиқиш зарур. Ҳар бир билим соҳаси учун фанлар мажмуасини алоҳида қилиш ёки абитуриентларга бир соҳа доирасидаги олий таълим йўналишларини танлаш имкониятини ошириш керак. Абитуриент тиббиёт ходими бўлмоқчими, у фақат тиббиёт олий таълим муассасасига ўқишга кирсин. Унга турдош таълим йўналишларини танлаш имконияти берилмасин.
Бундан ташқари, мақсадли қабул қилинган талабалар ўқишни битиргач, ўз ҳудудида, ўз соҳасида ишламайди. Уларнинг ҳаракатини бошқаришнинг ҳам имкони йўқ. Шунинг учун мақсадли қабулларни бекор қилиш керак.
Биринчи босқични ўқиб тугатганда давлат грантларини қайта тақсимлаш низомини такомиллаштириш лозим. Бунда академик ўзлаштириш кўрсаткичлари HEMIS платфорасидан олинади, ижтимоий фаолликни ҳам платформадан олинадиган қилиш керак.
Нодавлат, хорижий олий таълим муассасаларида ҳам давлат олий таълим муассасалари каби абитуриентларни билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган аввал тест, кейин танлов тартибида қабулни ташкил этиш зарур.
Илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, ишлаб чиқариш корхоналари билан шартномаларни кенгайтириш лозим. Бунинг учун илмий соҳада бажарилаётган ишлар, хўжаликдаги муаммолар ва унинг ечимидан келиб чиқиш керак.
Халқаро базадаги мақолалар салмоғини ошириш орқали мамлакатимиз олимлари илмини жозибадорлигини ошириш мақсадга мувофиқ.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун университетларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг ортиқча ҳисоботларини қисқартириш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳамда таълим дастурларини меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида мунтазам янгилаб бориш лозим.
Умуман олганда, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Энг муҳими, бу жараён узлуксиз давом этмоқда. Тизимдаги мавжуд камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилса, Ўзбекистон олий таълими халқаро рақобатбардошликка эга бўлган, замонавий ва самарали тизимга айланиши шубҳасиз.
***
Дарҳақиқат, бугун олий таълим соҳаси узлуксиз ривожланишда. Мақтовга арзирли ютуқлар кўп, уларнинг айримларини юқорида соҳа мутахассислари айтиб ўтди. Биз ютуқлар билан мақтаниб қолмасдан муаммоларга ҳам биргаликда ечим топишимиз керак. Бунинг учун, аввало, олий таълим муассасаларида соғлом рақобат муҳитини яратиб, энг малакали кадрларнинг ишга келишини таъминлашимиз лозим. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали таълим дастурларини модернизация қилиш ҳамда моддий техник базани босқичма-босқич янгилаш зарур.
Олий таълимдаги ютуқларга қарамай, тизимда бир қатор жиддий муаммолар мавжуд. Масалан, тиббий йўналишдаги университетлар, айниқса, хорижий талабалар учун рухсат этилган нормадан кўп миқдорда талаба қабул қилмоқда. Бу ҳолат ётоқхоналар, аудиториялар ва клиник кафедраларнинг тўлиб кетишига ва таълим сифатининг пасайишига олиб келади.
Юқори малакали тиббий кадрлар етишмаслиги ҳам мавжуд муаммолардан биридир. Бугун Ўзбекистонда 10 000 кишига 29 нафар шифокор тўғри келади, бу кўрсаткич АҚШ, Буюк Британия ва Финландия каби ривожланган мамлакатлар билан таққосланганда жуда кам. Бироқ, ушбу шифокорлар сонининг сифат ва самарадорлик билан ҳамкорликда эмаслиги кўплаб танқидларга сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, юртимизда чет тили сертификатига эга педагог ва шифокорлар етишмаслиги ҳам бор гап.
Ўзбекистондаги тиббий йўналишдаги олий таълим муассасаларида моддий-техник база яхшиланган, халқаро аккредитациядан ўтиш борасида ижобий ишлар қилинган. Бироқ, сифат назоратининг йўқлиги, академик стандартларнинг пасайиши, айниқса, тил билиш ва ўқитиш сифатидаги муаммолар ҳозирча ўз ечимини топаётгани йўқ. Бу муаммолар ҳам яқин орада ўз ечимини топиши учун кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хуллас, ҳали олий таълим тизимида бажарилиши керак бўлган ишлар бир талай. Муаммо ва камчиликларни бирдамликда, ҳамжиҳатликда, салоҳиятли кадрлар билан бартараф этиш мақсадга мувофиқ.
Хуршида Эрназарова тайёрлади.