Олий таълимни трансформация қилиш масаласи муҳокама қилинди

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида республика олий таълим ташкилотлари ректорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини тубдан трансформация қилишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Илҳом Сирожев ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов фармон лойиҳасининг стратегик аҳамияти, унинг олий таълим, фан ва инновациялар тизимини тубдан янгилашдаги ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишдаги аҳамиятига эътибор қаратди. Шунингдек, мазкур ҳужжат орқали олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга қаратилган устувор вазифалар белгилангани таъкидланди.

Йиғилишда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Юлдашев ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов фармон лойиҳасининг асосий йўналишлари, уни амалга ошириш механизмлари ва кутилаётган натижалар юзасидан тақдимот қилди. Тақдимотда университетлар бошқарувини такомиллаштириш, таълим сифати баҳолаш тизимини халқаро талаблар асосида ривожлантириш, шунингдек, илм-фан ва инновацияларни ишлаб чиқариш билан узвий боғлашга қаратилган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокама давомида ректорлар томонидан фармон лойиҳасида назарда тутилган ислоҳотларни амалга ошириш, олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда университетларнинг халқаро рақобатбардошлигини кучайтиришга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида республика олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Яшил олийгоҳ” танлови ғолиби бўлган Жиззах политехника институтига Президент совғаси сифатида BYD Chazor электромобили тақдим этилди.

Мазкур институт ҳудудидаги 24 гектар майдоннинг 21 гектарида 22 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, кенг кўламли яшил ҳудуд барпо этилган. Шунингдек, томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилиб, қуввати 650 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган. 

Йиғилиш иштирокчилари  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳудудига дарахт кўчатлари экди.