Олти ойда алимент қарздорлигини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келаётган 635 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка тортилди

Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи Суръат Жабборов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Шу йилнинг ўтган 6 ойи давомида соҳада амалга оширилган ишлар хусусида оммавий ахборот воситалари ходимларига батафсил маълумот бериш мақсадида ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, алимент қарздорлигини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келаётган жами 635 нафар қарздор маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланган.

Бошқарма томонидан ушбу даврда суриштирув ҳаракатлари ўтказилган ва жиноят ишлари бўйича аниқланган жами 795 миллион 848 минг сўмлик зарардан айбланувчилардан 295 миллион 299 минг сўми (37,1 фоиз) ундирилиши таъминланган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 6 ойи давомида бошқарманинг қидирув шуъбаси томонидан 277 нафар қарздорга нисбатан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида жами 167 нафар қидирувдаги қарздорлар топилган. Ҳозирда қолган 110 нафар қидирувдаги қарздорларни топиш чоралари кўрилмоқда.

- Шунингдек, бюронинг вилоят бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари томонидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” учун ўтказиб бериладиган маблағлар бўйича тасдиқланган режа-графиклар ойма-ой бажариб келинди, - дейди Суръат Жабборов. - Хусусан, ўтган ярим йил давомида ижтимоий дафтарларга 23 миллиард 656,5 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Тадбир давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.