Омад келтирмаган "омадли" рақамлар ёки 80 ёшли онахон нега уйидан ажраб қолди?

Одатий кунларнинг бирида Йозеф К. эрта тонгда уйқудан уйғонгач, тўсатдан, ўзининг нимададир айбдорлиги ва у ҳибсга олиниши кераклигини билиб қолади. Ҳар доимгидай унга нонушта кўтарган хизматчи кириши лозим бўлган эшикдан нотаниш, қоп-қора кийинган киши тап тортмай бостириб келади…

Франц Кафканинг мухлислари бу воқеа "Жараён"нинг бошланишидаги илк эпизод эканлигини англаган бўлсалар керак. Аллақандай мавҳумот билан бошланган воқеалар ривожи кишини қизиқтириб қўяди. Аммо асарни ўқиганингиз сайин чалкашликдан мураккабликка ўтиб борилаверади. Асар қаҳрамони "Айбим нима ўзи?", деган саволлар қаршисида қолаверади, ўқувчилар ҳам шу саволга жавоб излайверади.

Ушбу мақоламиз қаҳрамони ҳам мана ўн йилдирки, айби нимада эканлигини англаб етмаган. Унга ҳам Кафканинг қаҳрамони сингари кунларнинг бирида суддан мактуб келади. Аслида мактуб унга эмас, ўзи истиқомат қиладиган уйнинг аввалги эгаси номига эди. У бир неча марта бундай мактубни поч­та орқали қайтариб жўнатади. Сабаби, 4/44-уйда энди бундай исмли шахс истиқомат қилмайди. Аммо қайта-қайта келавергач, мактубни очиб қарайди. Шунда… Келинг, яхшиси воқеани бир бошдан баён қилайлик.

Румия Раҳматуллаева ҳозирда саксон ёшни қоралаб қолган онахон. Бундан 14 йил аввал қариганда қулайроқ бўлсин, дея Самарқанд шаҳридаги ҳовлисини сотиб, Форобий кўчасидаги 4-уйдан 44-хонадонни сотиб олди (буни қарангки, кўпчилик бир хил рақамларни омадли ҳисоблаб, шунга интилади. Аммо, омад дегани рақамларда эмас экан-да?!). 2006 йилдан 2015 йилга қадар шу уйда истиқомат қилди. Лекин юқорида таъкидланган мактуб Румия опанинг қўлига 2009 йилда келиб тушади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимида ишлагани учун, икки-уч бор суддан мактуб келавергач, кўнглида шубҳа пайдо бўлди. Нега унинг уй манзилига суддан хат келяпти? Мактубни очиб қараса, у ерда уйни унга сотган одам, яъни Р.Мамедовни Румия опа истиқомат қилаётган уй кимга тегишлилигини аниқлаш учун ўтказиладиган судга таклиф этилган хабарнома экан. Бу хабар унинг бошидан бир челак совуқ сув қуйгандек бўлди. Наҳотки, у низоли уйни сотиб олган бўлса? Ахир ҳаммаси қонуний ҳал этилган, олди-сотди шартномаси мавжуд, нотариус тасдиқлаган эди-ку. Нега бундай бўлиб чиқди? Румия опа суд идораларига бориб, аҳволни ўрганишга киришади. Билса, ҳақиқатан ҳам ўзи истиқомат қилаётган уй масаласида суд иши кетаётган экан. Шундан сўнг Румия опанинг тинчи бузилди.

Румия Раҳматуллаеванинг аниқлашича, 2005 йилда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори билан даъвогар Мамедов Раҳмон Қамбаралиевични жавобгар Ордуханян Светлана Валеровна ва Ясюкович Людмила Борисовналарга нисбатан олди-сотди битимини ҳа­қиқий деб топиш ва уй-жойдан чиқариш тўғрисидаги даъвоси қаноатлантирилади. Мамедов Раҳмон билан жавобгар Ордуханян Светлана Валеревна ўрталарида оғзаки равишда тузилган Самарқанд шаҳар Форобий кўчаси, 4-уй, 44-хонадоннинг олди-сотди битими ҳақиқий деб топилади. Шу асос билан Р.Мамедов ўзига тегишли бўлган уйни сотувга қўяди ва уни мақоламиз қаҳрамони, айни пайтда уйсиз қолган Румия Раҳматуллаевага сотади. Шу гапнинг ўзи кўп саволларга ойдинлик киритади. Румия опа уйни Мамедовдан сотиб олган, Мамедов эса  Ордуханяндан.

Аммо орадан тўрт йил ўтгач, уйни юқоридаги суд қарорида айтилган фикрга кўра Мамедовга сотган Ордуханян яна меросхўрман, дея уйини талаб қила бошлайди. Ўзи ўша йиллариёқ Россияга кўчиб кетган бўлса-да, аммо бу ерга келмаган, унинг номидан шу ерлик адвокат иш кўради. Хуллас, шу тариқа кетма-кет яна суд ишлари бошланиб кетади. 2015 йилга келиб фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди "2006 йил 5 январь куни жавобгар Мамедов Раҳмон билан Раҳматуллаева Румия ўртасида Самар­қанд шаҳар, Форобий кўчаси, 4-уй, 44-хонадон бўйича Самарқанд шаҳар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи собиқ нотариус Х.Зокиров томонидан 26-реестр рақами билан расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб топилсин. Жавобгар Мамедов Раҳмондан жавобгар Раҳматуллаева Румиянинг фойдасига 215000 (икки юз ўн беш минг) сўм ундирилсин. Жавобгар Раҳматуллаева Румия Араловна оила аъзолари билан Самарқанд шаҳар, Форобий кўчаси, 4-уй, 44-хонадондан турар жой бермаган ҳолда мажбурий тартибда чиқарилсин", деб қарор қабул қилади. Бундан аввал эса Мамедов ва Ордуханян ўртасидаги олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб топилади. Эътибор қилинг, суд аввалига уни ҳақиқий деб топган, аммо орадан йиллар ўтиб, у бекор қилиняпти. Лекин, бу пайтга келиб, уйни инсофли бир инсон сотиб оляпти ахир! Қолаверса, у Мамедовдан пул эмас, уй оляпти-ку. Унинг фойдасига 215 минг сўм ундирилиши нимаси?

Мана, қисқача воқеа изоҳи. 2015 йилда суд ижроси амалга ошади ва онахон ўзи сотиб олган уйдан чиқариб юборилади. Шундан бери ижарада сарсон яшаб келмоқда. Ҳозир ижарада яшаётган уйида суд қарорлари-ю, ёзган шикоят аризалари катта-катта йиғма жилдларга сиғмай кетган. Қизиғи, суд қарорлари бир марта тўлиқ россиялик меросхўр томонга ўтиб кетса, бир сафар 50/50, яъни қисман қаноатлантирилган. Гарчи Олий судга ёзган мурожаатидан сўнг у ердан умидли жавоб келган бўлса-да, аммо қуйи инстанция барибир негадир яна россиялик меросхўрнинг ишончли вакили томонига оғиб кетади.

Қизиғи, 2015 йилда меросхўр даъвогарнинг фойдасига чиқарилган ажримдан сўнг уй бир ойнинг ичида уч маротаба сотиб юборилган. Гўё, атайлаб, энди бу чалкашликларга ҳеч ким бош қўшмайди, деган маънода қилингандай бу иш. Натижа эса… Натижада 2006 йилда не-не умидлар билан, бемалол қарилик гаштини сураман, қулай бўлади, деб кўп қаватли уйлардан бирини сотиб олган Румия Раҳматуллаева 80 ёшида идорама-идора сарсон юрибди. У ҳам Кафканинг қаҳрамони асар сўнгида нидо қилгандай: "Қани У? Қани Олий суд?", деган жумлаларни миллион марта такрорлаётир.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

«Зарафшон»нинг махсус мухбири.