Она тилини қай даражада билишимиз керак?

Эътибор берганмисиз, баъзи давлатлар четдан келадиган фуқароларга ўз тилини ўргатмасдан, ватанига ишга ёки ўқишга келишига йўл қўймайди. Масалан, ёшларимиз ўртасида Жанубий Корея давлатига қизиқиш катта, кўплар ишга боришни истайди. Бироқ ушбу мамлакат хорижликларни аввал корейс тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича халқаро имтиҳондан ўтказиб, ТОПИК-I ёки ТОПИК-II даражани қўлга киритганларга Кореяда ишлашга рухсат беради.

Ўқишга борадиганлар эса ТОПИК-III ва ундан юқори даражани қўлга киритиши лозим. Улар шу орқали она тилининг дунё бўйлаб ёйилишини истайди. Она тилига бўлган ҳурмат-эътибор кучлилиги боис шундай қонун-қоидани жорий қилишган. Хўш, бизда-чи? Биз она тилимизни қай даражада ҳурмат қиламиз.

Бугун ёшлар ўртасида она тилидан кўра, чет тилларни ўрганишга иштиёқ кучли. Сабаби, чет тилини яхши билган ўқувчи мактабни тугатмасданоқ хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга киряпти ёки тест синовларида чет тилини билиш даражаси бўйича халқаро сертификатга эга абитуриентларга ўша фандан юқори балл бериляпти. Шунинг учунми, баъзи болалар боғчаларида инглиз, рус тили ўргатиляпти. Айрим ота-оналар фарзанди тил ўрганиши учун қўшимча репетиторга беряпти. Аслида, тил ўрганиш инсон тафаккурини кенгайтиради, фикрлаши, дунёқарашини ўзгартиради. Бироқ чет тилини ўрганишдан аввал она тилини билиш керак. Хўш, нима учун?

Она тилидаги феъл замонлари, келишик қўшимчалари, гапнинг эга-кесими ҳақида тушунчага эга бўлмаган ўқувчи бошқа чет тилини ўргана олмайди.

- Афсуски, бугун ёшларимиз ўз она тилини ўрганишга эмас, аксинча, чет тилларни ўрганишга жуда қизиқади, - дейди Каттақўрғон шаҳар 16-ИДУМнинг олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Зебинисо Мажидова. – Аслида, ўқувчилар саводхонлиги ва нутқини ривожлантириш учун она тили фани ҳам иккига бўлиб ўқитилиши керак. Бу йилги янги дарсликларда она тили фани ўқувчининг кўпроқ ўз устида ишлаши, креатив фикрлаши, нутқини ривожлантиришга мўлжалланган. Энди ўқувчилар аввалгидек грамматик қатъий қоидалар ёдламайди. Дарс давомида грамматика қисқа ўргатиляпти. Ўқувчи асосан матн тузиб, уни ўзи айтиб бериши керак.

 - Баъзи ўқувчиларда чет тилини ўрганишга иштиёқ кучли бўлади, аммо она тилига унча қизиқмайди, – дейди Пайариқ туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабининг олий тоифали инглиз тили ўқитувчиси Дилноза Амонова. – Тил ўрганишга иштиёқи кучли бўлган ўқувчи она тили грамматикасини яхши билмаса ҳам ўзлаштириб кетади. Агар унда тил ўрганишга қизиқиш бўлмаса, дарсларни ўзлаштиролмайди. Она тили грамматикасини пухта ўрганган ўқувчи эса бемалол бошқа тилларни яхши ўрганади.

 Шунинг учун ҳам биз ёш авлодга, аввало, она тилини пухта ўргатишимиз керак. Мактабларда она тили ва адабиётга қизиқтиришимиз, ўқувчиларни бадиий китоблар ўқишга жалб этишимиз, ғазал, рубоий ва шеърлар ёдлатишимиз лозим.

 Она тилига меҳр оиладан бошланади. Яқинда бир танишимни учратиб қолдим. Ўғли Россия давлатида катта бўлган, ҳозир 12 ёшда.

 - Ўғлим ўзбек тилини билмайди, биз унга рус тилида гапирамиз, - дейди онаси.

Бола билан гаплашдим,  ўзбек тилига яхши тушуняпти, аммо ўз она тилида гапиришни истамаяпти, тўғрироғи, она тилидан ор қиляпти. Афсуски, бундай ёшлар атрофимизда ҳам талайгина. Баъзилар чет тилини ўрганса, ўз она тилидан воз кечиб, ўзбек тилида гапирмай қўйяпти.

- Ўтган йили инглиз тилини ўрганиш, IELTS олиш учун бир неча ўқув марказларига бордим, - дейди Рухшона Қиличбоева. – Ўқув марказларида ўзбек тилида гапиришдан уялаётган ёшларни учратдим. Ёшлар бир-бири билан чала-чулпа бўлса-да, рус тилида гаплашаркан. Қайси миллат ўз она тилидан уялганини кўргансиз? Бошқа миллат вакиллари ҳеч қачон ўз анъана, удум, миллати ва тилидан уялмайди. Маданиятли халқни унинг ўз она тилидан фахрланишидан билиб олишингиз мумкин. Мен тенгдошларимга бошқа тилни ўрганманг, демайман. Ўрганинг, албатта. Ўнлаб тил ўрганинг, турли мамлакатларга боринг, аммо ўзбеклигингизни ва она тилингизни унутманг, дегим келади.

Сўз мулкининг султони ҳазрати Алишер Навоий бобомиз беш ёшларида 4-5 тилда сўзлашишни билган. Ҳатто форс тилида гўзал ғазал ва рубоийлар ёзган. Шу билан бирга, ўз она тили бўлган турк тилининг нақадар бойлиги, бетакрор ва жозибадорлигини ўз асарларида исботлаб берган. Бугун унинг бой илмий, адабий мероси бутун дунё халқларини ўзига жалб этмоқда, шунинг учун ҳам адибнинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилиняпти. Бироқ чет тилини билиш бўйича халқаро сертификатга эга ёшларимизнинг кўпчилиги Алишер Навоий бобомизнинг ғазал ва рубоийларини билмайди. Она тилига меҳр аслида Навоийни ўрганишдан бошланиши керак эмасми?

 Биласизми, жадид боболаримиз болага аввал она тилини, тарихни, динни пухта ўргатиб, кейин чет элга ўқишга юбориш керак, дейишган. Шундай қилинса, болаларимиз билим олгач, Ватанга қайтиб, мамлакат ривожига ҳисса қўшади, акс ҳолда, ўша юртда қолиб кетади, деб ҳисоблашган. Жадид боболаримизнинг хавотирини бугунги ҳаётимиз мисолида кўришимиз мумкин. Қанча “олтин бош”ларнинг хорижда қолиб кетаётганининг сабабларидан бири ҳам шунда.

 Ўзга миллат вакиллари ўз она тилини дунёга ёйишга ҳаракат қилаётган бир пайтда биз юртимизнинг ўзида она тилимизнинг асллигини сақлаб қолишга ҳам уринмаяпмиз. Ўзимиз қадрламайдиган ўзбек тилини ёт миллат эгалари қаердан ҳам қадрига етарди. Она тилини лоақал ўзимиз ор қилмайдиган даражада билишимиз лозим ва шарт.

 Хуршида Эрназарова.