Она-юрт қалқони, тинчлигимиз посбони
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди.
Дастлаб, вилоят ҳокими ва Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва фаоллар Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар, соҳибқирон бобомиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Шундан сўнг тадбир қатнашчилари Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармасида бўлиб, бу ерда амалга оширилган реконструкция ишлари билан танишдилар. Ўтган йил маҳаллий бюджет ҳисобидан 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, чақирилувчиларнинг жисмоний ва интеллектуал қобилиятини аниқлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш учун қулай шароит яратилди, 210 ўринли ошхона қурилди. Ҳаммом ва ётоқхонада таъмирлаш ишлари бажарилди.
Вилоят ҳокими ва фаоллар Миллий гвардия вилоят бошқармасида ташкил этилган хотира ёдгорлик мажмуаси очилишида қатнашди ва Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осуда ҳаёти учун жон фидо қилган ҳарбий хизматчилар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шу ерда Миллий гвардия ҳарбий бўлинмалари саф кўриги ва уларнинг кўргазмали жанговар чиқишлари намойиш этилди. Замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўразмасида бу воситаларнинг техник имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Байрам муносабати билан ўтказилган тантанали маросим аввалида Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев сўзга чиқиб, ўз ҳаётини она-Ватанимиз ҳимоясига бағишлаган ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийлари, уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Бугун дунёда юзага келган вазиятда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитети, ҳудудий яхлитлигини таъминлашга қодир Қуролли Кучлар шакллантирилгани ва бу борадаги ишлар изчил давом этаётганини таъкидлади.
– Кеча ҳурматли Президентимиз раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинганидан яхши хабардорсиз, – деди А.Бобоев. – Давлатимиз раҳбари тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини унутмаган ҳолда уни асраб-авайлаш учун ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича “проактив иш режими”га ўтиши шартлигини қайд этдилар. Бу борада келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Қуролли Кучларимизда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳарбий хизматчилар ва фахрийларни, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муддатли ҳарбий хизматга жалб этилаётган ёшларга янада кенг имкониятлар яратиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Бу вазифаларнинг амалга оширилиши миллий армиямизнинг қудратини юксалтириш, ҳарбийликнинг шараф ва масъулиятини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Маросимда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.