Она замин тақдири учун дахлдорлик

Жамиятда рўй бераётган ислоҳотларни кузатиб, халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, мамлакатимизнинг халқаро майдонда юксалиб бораётган обрў-эътибори ҳақида мулоҳаза юритар экансиз, Президентимизнинг Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси кишида она замин тақдири учун дахлдорлик ҳиссини оширади.

Мурожаатномани Самарқанд давлат чет институти ўзбек тили, журналистика ва компьютер лингвистикаси кафедраси профессор-ўқитувчилари жамоаси ҳам ўзаро таҳлил қилиб, мулоҳаза юритган ҳолда ўзимиз учун муҳим вазифаларни белгилаб олдик.

Давлатимиз раҳбари таъкидланганидек, “Бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бундай юксак натижалар халқимизнинг қандай улкан ишларга қодир эканлигини намоён этади”.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда ўтган йилнинг ҳар лаҳзаси ўзгаришларга бой бўлди. Мамлакат ҳар куни, ҳар ҳафта равнақ топди, халқимизнинг фаровон турмуши учун имкониятлар яратилди.

Эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг одамларимиз эркинлиги, хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, салоҳиятини ривожлантириш, соғлом, билимли ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бугун стратегияда кўзланган мақсадлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Эришилган натижалар, устувор вазифалар ушбу стратегияни қайта кўриб чиқишни, такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Мурожаатномага асосан 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинди. Бунинг учун маҳаллаларда, оилаларда фаровон турмуш шароитларини янада яхшилаш, Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги нуфузини юксалтириш, таълим, тиббиёт, илм-фан, спорт, саноат ва ишлаб чиқариш, рақамли технологияларни равнақ топтириш учун триллионлаб маблағ сафарбар этилади.

Президентимиз мурожаатномада “Ниятим — ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатбардош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин”, дегани биз, устозлар учун масъулият юклайди. Демак, бугунги давр зиёлисидан ўқувчи, талаба-ёшларни замон талаби асосида касбга йўналтириш, Ватан равнақига камарбаста бўладиган кадрлар етишиши учун фидойилик билан меҳнат қилиш талаб этилади. Бунинг учун давлатимиз томонидан ўқитувчи учун ҳар томонлама шароит яратилди, дейишга барча асосларимиз бор.

Хуршид ХАЙРУЛЛАЕВ,

СамДЧТИ кафедра мудири, филология фанлари доктори, профессор.