«Опий» савдоси ёхуд «ходовой товар» ортида қабиҳлик борлигини қачон англаймиз?
Нафс балоси, нопок қилмишга қўл уриш оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамайди. Айниқса, гиёҳванд моддалар савдосини бойлик орттириш манбаи деб тушунганлар тўғри йўлдан адашиб, гулдек ҳаётларини зимистонга айлантиради.
Буни бежиз айтмаяпман. Яқинда судда кўрилган иш туппа-тузук оила, ақли расо йигитларни нафс деган бало чоҳга етаклаганига гувоҳ бўлдик.
Ургутлик Ҳамид Шавкатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ишбилармон йигит. У шу пайтгача туман марказида хусусий тадбиркор сифатида фаолият юритиб, кичик корхонасида эркаклар спорт кийимлари ишлаб чиқарарди. Бир гал маҳсулотларини Тожикистон Республикасининг Панжакент шаҳридаги бозорда сотиб, Равшан исмли йигит билан танишади. Икки-уч бор маҳсулот етказиб бергач, Равшан ундан олган спорт кийимларини вақтида сота олмайди ва 3 миллион сўмдан зиёд қарз бўлиб қолади.
- Ҳамид, хўп десангиз, пул ўрнига «ходовой товар» бераман, - дейди Равшан атрофга олазарак қараб ва «опий» гиёҳвандлик воситасини кўрсатади.
Аввал рози бўлмаган Ҳамид бу таклифдан юз ўгирса қарзни ундиролмаслиги, қолаверса, Равшаннинг бу «бизнес» орқали тезда бойиб кетиш мумкинлиги ҳақидаги гапи уни хаёлини ўғирлайди.
Хуллас, шундай қилиб, ўша куни Равшан 5 килограмм «опий» гиёҳвандлик моддасини Тошкент вилоятининг Бекобод тумани чегарасига чиқариб бериш шарти билан унинг қарзидан кечишига эришади.
Воқеалар ривожини кузатар экансиз, Ҳ.Шавкатов ушбу оғунинг хуфёна савдосини юритиш учун акаси ва яқинларини ҳам бу жирканч ишга жалб этганига гувоҳ бўласиз. Охир-оқибат ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда унинг уйидан яшириб қўйилган «оғу» топилди ва холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинди.
Ачинарлиси, жамиятга, оиласига нафи тегадиган ёшда бу йигитлар 7-11,5 йил муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Ўзингиз айтинг: нафақат ўз ҳаёти, бошқалар умрини ҳам таҳликага қўйиб, қабиҳ жиноят содир этган, ногирон болаларнинг дунёга келиши, бемаҳал ўлимига сабабчи бўлишини била туриб шу йўлни танлаган бундай кимсаларни кечириш мумкинми?
Ушбу жиноят иши ҳақида қисқача айтишдан мақсад наркотик моддалар савдосига айрим ёшларнинг билиб-билмай аралашиб қолаётганида, унинг оқибатида ҳаёти издан чиқаётганида. Хўш, нега? Ахир, бу заҳри қотил умр илдизларига зиён етказади. Олиб борадиган жойи хатар. Масаланинг яна бир томони борки, бу наркобизнесчилар учун ғоят қўл келади. Яъни, оғуга илакишган одам худди ўргимчак уясига илиниб қолган ҳашоратга ўхшайди. Хоҳ уринсин, хоҳ уринмасин, ундан чиқиб кетиш амримаҳол. Тўр эса борган сари ўралиб, домига тортаверади ва охир-оқибат, фожиага олиб келади. Мана, жиноятлар илдизи қаерда? Мулоҳаза қилиб кўринг, ахир шусиз ҳаётингиз тинч, меҳнатингиз баракали бўлиб, кунингиз бехавотир ўтиши завқли эмасмиди?!
Ж.Арсланов,
жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди раиси.