Оқдарёда табиий газ тармоғига ўғринча уланган корхона аниқланди

Мажбурий ижро бюроси Оқдарё тумани бўлими ходимлари ўтказган тезкор тадбирда «BARAKA-NUR» оилавий корхонаси раҳбари Ўткир Азизов Даҳбед маҳалласида кафе, ошхона ва новвойхона ташкил қилган ва табиий газ тармоғига ҳисоблагичдан ташқари, кўз билан аниқлаб бўлмайдиган даражада ер остидан диаметри 25 миллиметр бўлган полиэтелен қувур орқали уланиб олган.

Ушбу ноқонуний уланма орқали 2 дона новвой тандири, 2 дона «ПГ-4» русумли газ плитаси, 1 дона сомсапазлик тандири, 1 дона мангал, 1 дона иситиш печи ҳамда 2 дона “Конвектор” печларидан фойдаланиб келган.

Аниқланган ҳолат бўйича тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, корхона табиий газ тармоғидан узиб қўйилди.

Таъминотчи корхона берган хулосага кўра, «BARAKA-NUR» оилавий корхонаси раҳбари Ў.Азизов томонидан давлат манфаатларига 24 миллион 270 минг сўм миқдорда зарар етказилган.

Ҳозирги кунда ушбу ноқонуний ҳаракат юзасидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.