Оқдарёлик етакчилар ДХХ кубоги соҳиби
Вилоятдаги ёшлар етакчилари ўртасида спортнинг футзал ва стол тенниси тури бўйича Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси кубоги учун вилоят финал босқичи ўтказилди.
Мусобақа аввалида ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедов сўзга чиқиб, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ўртасида спорт мусобақалари ва танловларни мунтазам ташкил қилиш, етакчиларни ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш лозимлигини таъкидлади.
Мусобақада эркаклар футзал, хотин-қизлар стол тенниси бўйича беллашди.
Футзал бўйича финал баҳсида Оқдарё ва Жомбой тумани етакчилари беллашди. Муросасиз кечган баҳсда оқдарёлик ёшлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ДХХ кубогини қўлга киритди. Иккинчи ўрин жомбойлик, учинчи ўрин қўшработлик ёшлар етакчиларига насиб этди.
Аёллар ўртасида ўтказилган стол тенниси мусобақасида Самарқанд шаҳридаги Меҳнат маҳалласи ёшлар етакчиси Насиба Истамова мутлақ ғолиб бўлди. Кейинги ўринларни Самарқанд шаҳридаги Мўлиёнипоён маҳалласи ёшлар етакчиси Нилуфар Муродова, Самарқанд тумани Миришкор маҳалласи ёшлар етакчиси Сабина Аҳмедова эгаллади.
- Ғалаба қозониш осон бўлмади, - дейди оқдарёлик Дилшод Турсунов. - Ёшлар етакчиларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши ҳамда аҳиллиги туфайли ушбу натижага эришдик. Маҳалламиз ва туманимизда ўзимиз каби спортга қизиқувчи ёшлар олдида юзимиз ёруғ бўлди. Энди мана шундай мусобақаларда ёшларимиз билан бирга иштирок этамиз ва бундан-да каттароқ ютуқларни қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз.
Тадбир сўнгида мусобақа ғолиб ва совриндорларига вилоят сектор раҳбарлари томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.