Ўқиган фикрлайди, ўқимаган қорнини ўйлайди
Ҳаёт қизиқ. Яшайверсанг, кўраверар экансан. Бирини кўриб, ачинасан, иккинчисини кўриб, нафратинг ошади, ажабланасан.
Дўкондан китоб олмоқчи бўлдим. Ёққан китоблардан бирини олиб, варақлаб турсам, бир киши сотувчидан “Бобурнома”ни сўради. Сотувчи китобни олиб берди.
- Неча пул туради? - сўради харидор.
Харидорнинг пули етмади шекилли:
- Укажон, мана, бу пулни олинг, етмаганини қарзга ёзиб қўйинг. Эртага ишга кетишимда бериб кетаман.
- Хўп, майли, ака, - сотувчи рози бўлди.
Харидимни қилиб, кўчага чиқа туриб, бояги киши билан суҳбатлашгим келди. Шу пайт йўлдан ўтаётган башанг кийинган бир киши ҳамсуҳбатим билан салом-алик қилди. У эса олган китобини мақтай кетди. Танишига эса бу гаплар ёқмади шекилли, “Китоб олгунча, ўзингга қарасанг бўлмайдими?” деди. Суҳбатдошимни ёқлаган бўлиб, буюк рус ёзувчиси М.Горький онасининг нон учун берган пулига китоб сотиб олиб, оиласининг бир кунини очликда ўтказишига сабабчи бўлган воқеасини айтиб бердим. “Китобга қизиққан одам ўзига қарамаса-қарамайдики, китоб олади”, дея қўшиб ҳам қўйдим. Ҳалиги киши қўлини силтаб, жўнаб кетди.
Биз гарчи ноқулай аҳволда қолсак-да, ундан хафа бўлмадик. Чунки хаёлимизда китоб эди.
- Ажаб дунё эканда-а, камбағални мутолаага “шерик” қилиб, мол-мулк бермаган. Бойваччага мол-дунё бериб, ўқиш ва уқишдан мосуво қилиб қўйибди. Шунга айтса керак-да, ўқиган фикрлайди, ўқимаган қорнини ўйлайди.
Чори ҚЎНҒИРОВ,
меҳнат фахрийси, маориф аълочиси.