Ўқитувчилар аттестациядан адолатли ўтказиляптими?
Айни кунларда Самарқанд давлат университетининг физика факультети биносида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари учун аттестация имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Бу йил вилоятда 15 343 нафар педагог аттестация жараёнларига қатнашиб, малака тоифаларини оширади.
- Имтиҳонда 75 ва ундан ортиқ балл тўплаган 1-тоифали ўқитувчиларга олий тоифа берилади, - деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилоят ҳудудий бўлими бош мутахассиси Низомиддин Одилов. – 65 ва ундан ортиқ балл тўплаган 2-тоифали ўқитувчиларга 1-тоифа берилади. Агар аттестациядан етарли балл тўплай олмаса, тоифаси бир поғона пастга туширилади. Муддати келмаган бўлса-да, ўз хоҳиши билан тоифасини оширмоқчи бўлган талабгор етарли балл тўплай олмаса, тоифаси ўзгартирилмайди.
Аудитория бир вақтнинг ўзида 100 нафар педагогдан аттестация имтиҳони олишга мўлжалланган бўлиб, хонага 100 та компьютер ўрнатилган. Ўқитувчи компьютерга исм-фамилияси ва мактабини киритганидан сўнг, унга кетма-кетликда саволлар берилади. Саволлар тугагач, педагогнинг олган балли экранда чиқади ва у аттестациядан ўтган ёки ўтмаганини ўша заҳоти билиб олади. Имтиҳонда математика, информатика, кимё, физика, биология фанларидан 1,5 соат, қолган фанлардан эса 1 соат вақт берилади.
- Аттестация имтиҳонидан 78 балл олдим, - деди Паст Дарғом туманидаги 105-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Маҳбуба Усмонова. – 2-тоифали ўқитувчи эдим, энди 1-тоифа оляпман.
- Мен эса 67,5 балл олиб, 1-тоифага ўтдим, - деди Паст Дарғом туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Феруза Дўстмуродова. – Саволлар сони 40 та бўлиб, дарсликлар асосида тузилган.
Албатта, имтиҳонда етарли балл тўплай олмай чиқаётган ўқитувчиларни ҳам учратдик. Ҳовлида дарслик ўқиб турган педагогларга ҳам дуч келдик.
Маълумот учун: бугун вилоятдаги умумтаълим мактабларида 56 370 нафар ўқитувчи бўлиб, уларнинг атиги 2,3 фоизи олий, 9,2 фоизи 1-тоифали, 24,1 фоизи эса 2-тоифали педагоглардир.
Хуршида Эрназарова.