Ўқитувчиларнинг аттестацияси соддалаштирилди

Жорий йилнинг 13 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори қабул қилинди. Қарорда белгиланишича, педагог кадрлар аттестацияси жараёнлари янада соддалаштирилди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати. Хусусан, педагог аризасига биноан навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин. Аҳамиятлиси, навбатдан ташқари аттестация натижаларига кўра биринчи ва иккинчи малака тоифали педагогларга нисбатан салбий қарор қабул қилинмайди.

Шунингдек, илмий даражага эга, яъни фан номзоди, фалсафа доктори ёки фан докторлари аттестацияга жалб этилмайди. Нафақа ёшидаги педагоглар эса ўз хоҳишига кўра аттестациядан ўтказилади. Аттестацияга жалб этилмаган педагогларнинг мавжуд малака тоифа ва лавозимлари таълим муассасаларида ишлаган даврида сақланиб қолади.

Ҳужжатга кўра, аттестация жараёнида суҳбатдан тўлиқ воз кечилади. Ҳудудий бошқарма ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари таркибига Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вакиллари киритилади.

Халқ таълими, маданият, жисмоний тарбия ва спорт, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ҳамда олий таълим муассасалари, туман (шаҳар) ва муассасалар тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар аттестация комиссиялари тузилади.