Органик маҳсулотларга жаҳон бозорида талаб ортди, бизда бунга мос таклиф борми?

Ҳозирда қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 1995 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошиб, гўшт - 2,3, сут - 2,4, картошка - 6, сабзавот - 3,6, полиз - 3,9 баробардан ортиқ етиштирилиб, мева 4,5 мартага кўпайди.

Лекин бугун дунёда экологик тоза органик усулда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига талаб ошмоқда. Мисол учун, Европа давлатларида кимёвий ўғитлар билан ишлов бериб етиштирилган маҳсулот 5 доллардан сотилса, органик усулда етиштирилган ва қадоқланган маҳсулот 50 долларгача сотилади. Бу етиштирувчи, сақловчи, қайта ишлов ва экспортёрга ҳам яхшигина даромад олиб келади. Шунинг учун фермер ва деҳқонларимизга органик усулда маҳсулот етиштиришга кўпроқ эътибор қаратишларини тарғиб қиляпмиз.  

Бунинг учун:

- ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қишлоқ хўжалик экин майдонларини мақбуллаштириш;

- замонавий агротехнологиялар асосида юқори ҳосилдор, эртапишар ҳамда ширин таъмга эга пакана ва ярим пакана дарахтларни экиш орқали интенсив боғ ва узумчиликни ривожлантириш ва дунё бозорларида харидоргир экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш;

- суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация ва мелиорация объектларини ривожлантириш, уларнинг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш;

- озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавот, картошка ва узум ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, ички бозорда нарх кескин ошишининг олдини олиш;

- кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигини барқарор ва самарали ривожлантиришни таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш соҳаларини, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини           таъминлаш ва зарурий қишлоқ хўжалиги техникалари билан жиҳозлаш;

- чорвачилик, паррандачиликни янада ривожлантириш;

- республика тупроқ-иқлим шароитига мос, қурғоқчилик, шўрлик, иссиқликка ва касалликларга чидамли қишлоқ хўжалик экинлари навлари ва ҳайвонот турларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш.

Юқорида санаб ўтилган талаблардан келиб чиқиб жорий йил якунига қадар 71 та қишлоқ хўжалиги корхонаси ва фермер хўжалиги томонидан 1210 гектар майдонда органик маҳсулотлар етиштирилади. Шундан 171 гектарда техник экинлар, 406 гектарда мева, 418 гектарда узум, 86 гектарда сабзавотлар ва бошқа экинлар 130 гектарни ташкил этади.

Бекзод Тугалов,

вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.