Ошхонага тарқатилган товуқ гўштида 157 та микроб ва бактериялар аниқланди
Оқдарё туманининг "Улуғбек" МФЙда истиқомат қилувчи Умар Ортиқов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни мақсад қилди. Бунинг учун махсус рухсатнома талаб этилишини билсада, негадир ҳеч ҳафсала қилмади. Рухсатномасиз фаолият кўрсатаётган тадбиркор Ургут туманидан парранда гўшти келтириб, туман марказидаги умумий овқатланиш шахобчаларига тарқатиш билан шуғулланарди. “Бизнес"и ортидан мўмайгина даромад қилаётганди.
Жорий йилнинг 22 февраль куни у Лойиш шаҳридаги "Шарқ" кафесига бир неча қутида (бир қутида 18-20 та) товуқ гўшти олиб келди. Маҳсулотнинг сифатидан шубҳаланган кафе ходимлари уни олишдан бош тортгач, У.Ортиқов гўштни шаҳарчанинг "Ўзбекистон" кўчасида жойлашган бошқа ошхонага келтирди. Бу ерда ҳам юқоридагидек ҳолат такрорланди. Ошхона бекаси Баҳора Абдуҳамидова товуқ гўштини кўриб, истеъмолга яроқсизлигини дарҳол англади. Орада келишмовчилик келиб чиқди. Натижада Б.Абдуҳамидова Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасининг Оқдарё туман жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилди.
Мурожаат туман ДСЭНМ, ВСЭ лаборатория ҳамда ИҲҲҚ туман жамияти мутасаддилари иштирокида ўрганилди. Парранда гўшти лаборатория текширувидан ўтказилганда, унда инсон саломатлигига зарар етказувчи 157 та микроб ва бактериялар аниқланди. Тарқатилган парранда гўшти зудлик билан тегишли тартибда йўқ қилинди.
Тадбиркорга чора кўрилиши учун ҳужжатлар тайёрланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди.
Гулчеҳра Бердиёрова,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий
бирлашмаси бўлим бошлиғи.