Ўтган йили Самарқандда ер сотиш билан боғлиқ 41 та жиноят фош этилди

Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси органлари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда прокуратура органларининг вилоятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Қайд этишилишича, прокуратура органлари томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш, ер ажратишда суиистеъмолчилик ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик борасида назорат тадбирлари мунтазам олиб борилган.

– Йил давомида ер тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасига кўра 200 дан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 73 та жиноят иши қўзғатилди, 18 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, – дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Нодир Қодиров. – Шунингдек, 1614 ҳолатда 486 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланиб, 255 гектар ер ихтиёрий қайтарилишига эришилди. Ер сотиш билан боғлиқ 41 та жиноят фош этилиб, 179,2 гектар ернинг ноқонуний муомаласининг олди олинди. 213 гектар ерни қайтариш юзасидан судларга 981 та даъво аризалар киритилди ва 152,4 гектар ер майдонларини қайтаришга доир 696 та даъво ариза қаноатлантирилди. Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаган 800 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назоратни таъминлаш юзасидан ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасига кўра, 1307 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, прокурор назорати ҳужжатлари қўллаш орқали бартараф этилди.

Жумладан, судларга 22 миллиард 753 миллион сўмлик 288 та даъво аризаси киритилиб, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 68 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Кўрилган чоралар ҳамда қўлланилган прокурор назорати ҳужжатлари натижаси ўлароқ, 1017 нафар, хусусан, 241 нафар юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ва бир қатор амалий ёрдамлар кўрсатилиб, ижобий натижаларга эришилган.

Матбуот анжуманидан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари вилоят прокуратурасида фуқароларни қабул қилиш ва улар мурожаатлари билан ишлаш жараёнларига гувоҳ бўлди.