Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ОТМга ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзлардан хабардормисиз?

Кейинги йилларда абитуриентлар учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлар қўлланилмоқда. Аммо ҳамма ҳам кимлар имтиёздан фойдалана олиши мумкинлигини билмайди. Келинг, имтиёзларнинг турлари ва кимларга берилиши ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Имтиҳонсиз, қўшимча давлат гранти асосида кимлар талабаликка тавсия этилади?
- ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқининг тавсияномаси билан ҳар бир ҳарбий қисмдан бир нафардан ёш ҳарбий хизматчи;
- хизмат вазифасини бажариш пайтида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган Қуролли Кучлар таркибидаги ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ва Миллий гвардия ходимлари, ички ишлар тизими ходимларининг фарзандлари;
- Олимпия, Параолимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон чемпионатларида охирги 4 йилда ғолиб бўлган спортчилар;
- Республика (1-ўрин) ва халқаро (1-5-ўринлар) шахмат ва шашка турнирларида ғолиб чиққан академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчилари;
- Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти соҳиблари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндорлари;
- “Халқ чолғулари ижрочилари”, “Миллий рақс ижрочилари” ва “Ёш мақом ижрочилари” танловларининг бир нафардан ғолиблари;
- “Тарбиячи”, “Ҳамшира” республика танлови ғолиблари;
- Ёшлар иттифоқи фаоллари тавсиянома асосида ҳудудий ОТМларнинг педагогика йўналишларига грантга кирадиганлар;
- халқаро фан олимпиадалари ғолиблари;
- Президент мактаби битирувчилари.

Имтиҳонсиз, контракт асосида кимлар талаба бўлиши мумкин?
- Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб битирувчилари кимё, биология, физика ва АКТ соҳаларига қабул қилинади;
- Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари битирувчилари;
- “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиблари;
- Ички ишлар органларида уч йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган профилактика (катта) инспекторлари.

Кимлар тегишли фан бўйича имтиҳондан озод этилади ва маълум миқдорда балл берилади?
- республика фан олимпиадаларининг 1-3-ўрин соҳибларига ғолиб бўлган фани бўйича максимал балл берилади;
- чет тили бўйича белгиланган даражадаги халқаро ва миллий сертификатга эга абитуриентлар учун шу фандан максимал балл берилади;
- мусиқа, рақс, театр, фольклор, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналиши бўйича республика ва халқаро танловлар ғолиблари мутахассислик фанидан максимал балл олади;
- “Болалар спорт ўйинлари”нинг ғолибларига белгиланган фан бўйича максимал балл берилади;
- умумтаълим фанлари бўйича сертификатга эга абитуриентларга сертификатдаги балига мос пропорционал балл ҳамда 86 фоиз ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентга энг юқори балл берилади.

Тўпланган баллга қўшимча балл берадиган имтиёзлар қайсилар?
- “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига ҳарбий йўналишлар учун ўзлари тўплаган балга 30 фоиз, бошқа ОТМларга топширганда 15 фоиз миқдорда қўшимча балл берилади.
- Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейи битирувчиларига ҳарбий йўналишлар учун ўзлари тўплаган балга 30 фоиз, бошқа ОТМларга топширганда 15 фоиз миқдорда қўшимча балл берилади.

Баҳром Исломов,
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти шуъбаси ходими.