“Овози Самарқанд”: 35 йиллик журналистик фаолиятга назар

Самарқанд шаҳрида “Овози Самарқанд” газетаси чоп этила бошлаганининг 35 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этиб, таҳририят жамоасини ушбу сана билан қутлади.

- Ушбу газета нафақат вилоятда, балки мамлакатимизда илму маърифат, инсонпарварлик ва ватанпарварлик ҳақида ёзадиган матбуот нашрларидан бир, - деди А.Бобоев. - Айниқса, бугунги кунда газета ўз олдига қўйган вазифаларни масъулият билан бажариб келмоқда. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бу жараёнда аҳил самарқандликларнинг фаол иштироки нашрлар мазмун ва мундарижасини ташкил этмоқда.

Тадбирда таҳририятга вилоят ҳокимлигининг совғалари ҳамда фаол журналист ва газета ҳамкорларига таҳририятнинг совғалари топширилди.

Тадбир давомида газетанинг 35 йил давомида босиб ўтган йўли, бу даргоҳда ишлаган муҳаррир ва мухбирлар, уларнинг ўткир мавзуларда ёзган мақолалари, газетачиликнинг бугуни ва эртаси ҳақида сўз юритилди.