Ўйиндан ўқ чиқди: Укасини қўрқитиб қўймоқчи бўлган акага суд ҳукми ўқилди
Аслида Шокирнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилди) нияти ёмон эмасди. Ўша куни бош кийим устида укаси билан жанжаллашиб қолди-ю, «Бир қўрқитиб қўяй», деган ўйда хонтахта устида турган ошхона пичоғини унга қарата отди. Ака нишонга олишда адашмаганди: пичоқ тўғри бориб, уканинг чап кўкрак қафасига санчилди.
Қошиқни оламан деб...
“Ўша куни соат 16.00 да даладаги ишларни тугатиб, уйга қайтиб келдим. Ичкарига кириб қарасам, укам Дилдшодга берган бош кийимим чанг арқон орасида ётибди. Жаҳлим чиқиб, Дилшодни чақирдим. Жавоб беравермагач, уни излаб, ошхонага кирдим”, дея судда кўрсатма берган Шокир Алимов.
Аслида ҳам ака жигарини ўлдиришни режа қилмаган. Аммо киши ғазаб отига минган вақтда нима қилаётганини назорат қилолмай қолади. Шу куни укаси берган бош кийими чанг арқон орасида ётганини кўрган Шокир ундан ҳисоб сўрайди. Уканинг мужмал жавобидан қони қайнаган ака дастурхон устида турган қошиқни унга қарата отаман деб, адашиб пичоқни отиб юборади. Пичоқ Дилшоднинг ёнбошига тегиб деворга урилади. Бу вақтда Дилшод ўтириб қолган эди. Деворга урилган пичоқ, ёнбош аралаш йигитнинг кўкрак қафасига санчилади. Бундай бўлишини кутмаган Шокир дарҳол укасининг ёнига бориб, пичоқни кўкрак қафасидан чиқаради ва қон оқаётган жойига устки кийимини босиб туради. Онаси билан бирга Дилшодга биринчи ёрдам кўрсатган Шокир уни шифохонага олиб боради.
Илгари ҳечам жанжаллашишмаган
Дилшоднинг шифохонага тушиб қолгани, Шокирнинг терговда экани маълум бўлгач, «Ака қасддан укасини пичоқлабди», деган гаплар кўпайди. Ҳаммадан ҳам онага қийин бўлди: бир ўғли жароҳатланди, яна бирини суд қилишяпти. Ҳеч кимнинг бошига солмасин.
Онаизорнинг судда гувоҳлик беришини тасаввур қиляпсизми? Қанчалик қийин бўлмасин, Гулнора Алимова бўлиб ўтган воқеаларни рўйи-рост сўзлаб берди:
– Ўша куни кечки овқатга тайёргарлик кўраётгандим. Даладан қайтган Шокир ичкарида телевизор кўриб ўтирган укасининг ёнига келиб, бош кийимидан мол ҳиди келаётганини айтди. Сўнг Дилшодга «Нега бош кийимимни молнинг арқони сақланадиган халтага солдинг?» деди. Дилшод акасига гап қайтарганда Шокирнинг жаҳли чиқди ва хонтахта устида турган ниманидир унга қарата отди. Ўғилларим илгари ҳечам жанжаллашишмагани учун аввалига ҳайрон бўлдим. Дилшод «вой», деб биқинини ушлаб ўтириб қолгач, қўлимдагиларни ташлаб ёнига чопдим. Шокир укасини яхши кўради. Ўша кунги воқеа тасодифан юз берди, эҳтиётсизлик қилди-да, болам. Аслида ўғлимнинг укасини пичоқлаш нияти бўлмаган.
Суд залидан озод этилди
– Суд судланувчи Ш.Алимовнинг жавобгарлик масаласини муҳокама қилиб, у томонидан содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёши, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топди. Шунингдек, жабрланувчи билан ака-укалиги, коллеж ўқувчиси эканлиги, содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киришини, айни дам таҳсил олаётган коллежида намунали хулқи, аъло баҳоларга ўқиши билан бошқа ўқувчиларга ўрнак бўлиши билдирилган ижобий тавсифнома, маҳалла раисининг кафиллиги ва ота-онасининг енгиллик берилишини сўраб берган илтимосномаси эътиборга олинди.
Шокир Алимов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди.
Болаларнинг бир-бири билан ўйинчоқ талашиб ёки оилада ким катта эканини кўрсатиб қўйиш учун ўзаро жанжаллашишини биз, ота-оналар доим ҳам жиддий қабул қилавермаймиз. Ҳатто, бир-бирига ўйинчоқ отса ҳам «Бола-да уришади, ярашади», деймиз. Аслида эса мана шундай муносабатимиз кейинчалик каттароқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.
Акмалжон КЕНЖАБАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди судьяси.