Ўзаро жанжал уюштирган талабалар “саф”дан чиқарилди, мураббийларига “ҳайфсан” эълон қилинди
Жорий йилнинг 6 март куни Zarnews.uz веб-сайтида чоп этилган “СамДУ талабалари ўртасида жанжал келиб чиқди” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Ҳолат Самарқанд давлат университети маъмурияти, ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва жамоатчилик кенгаши томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида тарих факультетининг 1-босқич талабалари О. Р., З.О., И.Т., А.Т., Ш.Т., С.А.лар жорий йилнинг 4 март куни соат 12:20 ларда дарслар тугагандан сўнг Самарқанд шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги истироҳат боғига бориб, ўзаро жанжаллашган. Ушбу жанжалда нафақат университет талабалари, балки Самарқанд шаҳрининг уюшмаган ёшлари ҳам иштирок этишганлиги маълум бўлди.
Юқорида номлари қайд этилган талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорининг 36-“г” бандига асосан, яъни ўқув интизоми ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун университет талабалари сафидан чиқарилди. Гуруҳ мураббийлари Л.Элимов ва А.Холиқуловга ўз ишига масъулиятсизлик билан қараганлиги учун “ҳайфсан” эълон қилинди.
Ушбу ҳолат бўйича университет талабаларининг Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосари В.Аҳмедов ва ёшлар бўйича бўлим бошлиғи Э.Аҳроров билан учрашуви ўтказилди. Университетдаги барча гуруҳларда юқоридаги ҳолат муҳокама қилиниб, талабалар ўртасида профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
СамДУ ректори.