Ўзбек жанг санъати: Самарқандлик спортчилар Ўзбекистон чемпиони
Тошкентдаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасида Ўзбек жанг санъати бўйича Ўзбекистон чемпионати якунланди.
Барча вилоятлардан келган 800 нафардан зиёд спортчилар Ўзбек жанг санъатининг беллашув йўналиши бўйича мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Қувонарлиси, қизғин жанглардан сўнг Самарқанд вилояти спортчилари 22 та олтин медалларни қўлга киритган ҳолда пешқадамлик қилди. Тошкент вилояти вакиллари 18 та олтин медаль билан иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, бухоролик спортчилар 12 та олтин медаль билан шоҳсупанинг учинчи поғонасига жойлашди.
- Бу сафарги чемпионат беллашувлари жуда ҳаяжонли ва қизғин баҳсларга бой бўлди, - дейди Ўзбек жанг санъати федерацияси вилоят бўлими котиби Ҳалим Юсупов. – Мусобақада 115 нафар спортчимиз қатнашиб, 22 та олтин, 15 та кумуш ва 19 та бронза медалларига эга чиқишди. Вакилларимизда Р.Раҳматова, Б.Акбаров, И.Мустафоев. Ш.Бегалиева ҳамда К.Саидов каби жанг санъати усталари олтин медалларини қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар миллий терма жамоа таркибида 2023 йил сентябр ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган этноспорт турлари бўйича халқаро фестивалда ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Д.Тўхтаев.