“Ўзбекистон, албатта, итальян компаниялари учун жуда қизиқ ва муҳим бозор” — Италия ОАВ Президент Сержо Маттарелланинг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида

Италиянинг энг қадимий нашрларидан бири - «Il Giornale d'Italia» газетаси 9 ноябрь куни Италия Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи бошлангани ҳақида ёзди. Унда Ўзбекистон Президенти билан икки томонлама музокаралар, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети филиали фаолияти билан танишувни ўз ичига олган ташриф дастури тақдим этилган. Шунингдек, Италия Президенти Самарқанд ва Хива шаҳарларига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишиши ҳақидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига ҳавола қилинган.

Нашрда Ўзбекистоннинг Ломбардия ва Лигуриядаги фахрий консули Массимо Поллио билан Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, мамлакатимиз салоҳияти ҳамда сайёҳлик имкониятларига бағишлаган батафсил интервью босилган.

Ушбу мамлакатнинг етакчи «Agenzia Nova» ахборот агентлигининг «Nova News» онлайн нашри Италия Республикаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар тўплами тўғрисидаги мақолани эълон қилди.

«Сержо Маттарелла Оскар Луиджи Скальфаро ташрифидан сўнг, 1997 йилдан буён Марказий Осиёнинг ушбу давлатига ташриф буюрган биринчи Президент бўлади, - деб ёзган электрон нашр. - У ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама учрашув ўтказади. Ўз навбатида, Сержо Маттарелла уни ёзда Квиринал саройида қабул қилган эди».

Мақолада Сержо Маттарелланинг ташрифи жорий йилнинг июнь ойида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг қабул қилиниши натижасида тубдан ўзгарган Италия ва Ўзбекистон алоқаларига янада туртки бериши таъкидланган. Бу сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий, маданий ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашни, шунингдек, икки йилда бир марта ташқи ишлар вазирлари ёки уларнинг ўринбосарлари ҳамраислигида икки томонлама муносабатлар, шунингдек, ўзаро манфаатли глобал ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун стратегик мулоқот ўрнатишни назарда тутади.

«2022 йилда Италия ушбу Марказий Осиё давлатининг Европадаги иккинчи савдо шериги бўлди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 535 миллион евродан ошди, бу ўтган йилга нисбатан 32 фоизга кўп. Аввалги йилда ушбу кўрсатгич 400 миллион доллардан сал кўпроқни ташкил қилган», - дейилади нашрда.

Таъкидланишича, Италия Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Марказий Осиё минтақасига эътиборни кучайтиради.

Италиянинг етакчи «Giornale Diplomatico» онлайн газетаси «Ўзбекистон: Президент Маттарелланинг ташрифи ўзаро муносабатлардаги янги қадам» сарлавҳали мақолани эълон қилинди.

Ўзбекистоннинг Флоренциядаги фахрий консули Леонардо Комуччи қаламига мансуб мазкур мақолада ташрифнинг аҳамияти ва Марказий Осиё давлатининг роли таъкидланган.

Муаллиф Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил июнь ойида Рим ва Миланга ташрифи, олий даражадаги сиёсий ва ишбилармонлик учрашувлари, шунингдек, стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланганидан сўнг Ўзбекистон Италиянинг яқин ҳамкорларидан бирига айланганини алоҳида қайд этган. Президент Сержо Маттарелла ўз ташрифи билан Марказий Осиёга дарвоза бўлган ушбу давлатга алоҳида эътибор қаратмоқда, дейилади мақолада.

«Ўзбекистон, албатта, итальян компаниялари учун жуда қизиқ ва муҳим бозор. Мамлакатда 35 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, 2035 йилга келиб уларнинг сони 50 миллионга етиши мумкин. Мамлакат аҳолисининг асосини ёшлар ташкил қилади. Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам жадал ўсиб бормоқда. Бу давлат, шунингдек, сиёсий жиҳатдан ҳам барқарор. Бу Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий соҳада ҳам, фуқаролик ҳуқуқлари соҳасида ҳам ислоҳотларни оқилона бошлаган ва муваффақиятли одимлаётган президентлик республикасидир», - деб таъкидлаган фахрий консул.

Леонардо Комуччи, шунингдек, Италия Евросиё минтақасида, айниқса, дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан барқарорликни, шунингдек, иқтисодий нуқтаи назардан динамикликни кўрсатаётган Ўзбекистонда тобора кўпроқ иштирок этиши керак, деган фикрни илгари сурган. «Мамлакатда амалга оширилаётган йирик қонунчилик ўзгаришларининг муваффақиятли ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида юзага келган хавфсизлик инвестиция ва саноатни ривожлантириш имкониятларини кенгайтирмоқда», - деб ёзган у.

Манба