Самарқандда сунъий интеллектни ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилмоқда

Самарқанд шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг эксперт ва мутахассислари иштирокида сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларига бағишланган форум ўз ишини бошлади.
IT Park, Artificial Intelligence Journey (AIJ), Huawei, Yandex, DataVolt компаниялари кўмагида ўтказилаётган форумда Россия, Беларусь, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан соҳа раҳбарлари, етакчи мутахассислар, экспертлар ва IT компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Дастлаб юртимизда рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида видеоролик намойиш этилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари жадал ривожланиб бормоқда. Рақамлаштириш ва электрон ҳукуматни жорий этиш борасида кейинги йилларда юқори натижаларга эришилди. Айни пайтда 130 дан ортиқ лицензия ва рухсат бериш билан боғлиқ фаолият рақамлаштирилган. 730 дан ортиқ электрон давлат хизматларидан 32 миллион марта фойдаланилган. Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланувчилар 10 миллион нафардан ошди. Мамлакатимиз БМТнинг электрон ҳукуматни жорий этиш бўйича индексида 24 поғона, сунъий интеллект бўйича 17 поғона юқорилади. Бутунжаҳон банки рўйхатида эса 43-ўринда қайд этилган. 2030 йилга бориб юртимизда IT экспортини 5 миллиард долларга етказиш ва БМТнинг ТОП-30 мамлакатлари қаторига кириш мақсад қилинган.
Форум очилишида Вазирлар Маҳкамасининг сунъий интеллектни ривожлантириш ва рақамли техологиялар департаменти раҳбари З.Муталов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 10 июлдаги “2025-2026 йилларда сунъий интеллект технологиялари соҳасида устувор лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Жаҳонда рақамли трансформация жараёнлари жадал суръатларда ривожланиб, иқтисодиёт, илм-фан, тиббиёт, таълим, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда сунъий интеллект технологиялари кенг қўлланилмоқда, – деди З.Муталов. – Замонавий дунёда сунъий интеллект нафақат тараққиётнинг бош омили, балки давлатларнинг рақобатбардошлиги ва барқарор ривожланишини таъминловчи асосий воситалардан бирига айланиб бормоқда.Шу нуқтаи назардан, сунъий интеллектни ривожлантириш, уни миллий соҳа ва тармоқларда жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда глобал тенденцияларга ҳамоҳанг ҳаракат қилиш ҳар бир давлат учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Форумнинг биринчи сессияси “Сунъий интеллект соҳасидаги миллий стратегиялар ва ташаббуслар: МДҲ давлатлари тажрибаси ва келажак устувор йўналишлари” мавзусига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олег Пекос, Россия Федерациясининг Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Григорий Борисенко, Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги қошидаги бошқарув тизимлари институти бош директори Али Аббасов, “Яндекс” компаниясининг сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича директори Александр Крайнов қатнашди.
Сессияда сунъий интеллект бўйича давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда муваффақиятли тажрибалар, ҳозирги натижалар ҳамда рақамли трансформация доирасидаги истиқболли режалар муҳокама қилинди.
– Мазкур тадбир Россия ва МДҲ давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш соҳасида ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши билан аҳамиятли, – дейди Россия Федерациясининг Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Григорий Борисенко. – Устувор йўналишлар қаторида божхона назорати соҳасида тасвирларни таҳлил қилиш учун сунъий интеллектдан фойдаланишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда йирик тил моделларини бойитиш, хусусан, YandexГПТ каби моделларга ўзбек тилидаги кўпроқ маълумотлар, жумладан, шевалар, атамалар, стилистик хусусиятларни киритиш таклиф этилмоқда.
Икки кунлик форум давомида бешта сессия ўтказилиши ва уларда сунъий интеллект соҳасидаги долзарб масалалар ва янги тенденциялар, бизнес учрашувлар, тажриба ва инновацион ечимлар алмашинуви, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришиш кўзда тутилган.
Экспертларнинг таъкидлашича, мазкур халқаро форум МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, умумий сиёсат ва стандартларни мувофиқлаштириш, инновацион ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш ва янги илмий-техник истиқболларни белгилаш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.