Уруғчилик соҳасида илғор тажриба: Илм, изланиш ва амалиёт уйғунлиги - далада!

Каттақўрғон туманида уруғлик ғўза майдонларида дала апробация кўриги ҳамда уруғлик дон тайёрлашга бағишланган кўргазмали ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги масъул ходимлари, агроном-мутахассислар, уруғчилик соҳаси фаоллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади уруғлик ғўза майдонларида апробация ишлари сифатини ошириш, уруғлик донни тайёрлаш ва сақлаш технологиялари билан танишиш, тажриба алмашиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Семинар доирасида иштирокчилар Каттақўрғон туманидаги "Каттаминг уруғчилик кластер" МЧЖ фаолияти билан танишди. Бу ерда уруғлик донларини саралаш, тайёрлаш ва уларни замонавий, совутгичли омборхоналарда сақлаш жараёнлари амалий равишда намойиш этилди. Хусусан, ҳосил сифати, уруғнинг биологик кўрсаткичлари ва стандарт талабларга мувофиқлигини баҳолаш жараёнлари мутахассислар иштирокида кўриб чиқилди.
Семинар доирасида иштирокчилар тумандаги Марди Султонов номли муқобил МТП ҳудудида жойлашган “Қиёмов Носир” фермер хўжалигид бўлиб, уруғлик ғўза майдонида амалга оширилаётган дала апробация кўриги жараёнларини кўздан кечирди.
Бу ерда уруғлик дон етиштиришдаги агротехник чора-тадбирлар, замонавий ёндашувлар ва механизациялашган жараёнлар намойиш этилди. Мутахассислар фермер ва ишчиларга керакли тавсия ва амалий кўрсатмаларини берди.
Семинарнинг ушбу босқичи соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва алмашиш ҳамда етиштирилаётган уруғлик маҳсулотининг сифатини оширишга хизмат қилади.