Ўзбекистон делегацияси вакиллари Саратов ҳукумати раҳбарлари билан мулоқот ўтказди
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иш шароитларини ўрганиш мақсадида Россияда бўлиб турибди.
Самарқанд вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотларга қараганда, ҳоким ўринбосарининг галдаги мулоқоти Саратов ҳукумати раҳбари Стрелюхит Александр Михайлович раислигида ўтказилган.
Мулоқотда ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари - молия вазири Ойкин Вадим Геннадьевич, ҳукумат раҳбари ўринбосари -меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Наумов Сергей Юрьевич ҳамда Ўзбекистон делегацияси вакиллари иштирок этди.
Икки томонлама мулоқотда Жамшид Ўроқов Ўзбекистонда сўнгги йилларда хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгаргани, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилиб, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ва кўмаклашиш бўйича янги тизим жорий қилинганини эътироф этди.
Хусусан, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилиб, меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини ажратиш амалиёти қўлланилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқди.
Қарорга мувофиқ, меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахслар ишга юборилишидан олдин давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилади. “Ишга марҳамат” мономарказларида касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш бўйича қисқа курслар ташкил этилади. Ушбу курсларнинг ўқув дастурлари хорижий йирик иш берувчиларнинг талабларига мослаштирилади.
Шу билан бирга, меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидиялар ва микроқарзлар ажратилади. Қуванарлиси, 2021 йил 1 январга қадар Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонасини Ўзбекистон Республикасида очиш ҳамда ушбу ваколатхонада вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани (патентни) тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматларини кўрсатиш кўзда тутилмоқда.