Ўзбекистон фильми Анапада ўтказилган “Киношок” фестивали ғолиби

Россиянинг Анапа шаҳрида XXVIII “Киношок” очиқ фестивалининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради Podrobno.uz.

Фестивалнинг энг яхши тўлиқ метражли фильми учун “Золотая лоза” (“Олтин новда”) бош совринини ҳамюртимиз Умид Ҳамдамов тасвирга олган “Иссиқ кулча” фильми қўлга киритди. Мазкур фильмдаги роллардан бирини ижро этган Феруза Саидова фестивальнинг энг яхши актрисаси деб топилди.

“Иссиқ кулча” фильмидаги воқеалар ўсмир қиз Зулфиянинг бувиси ва янгаси билан муносабатлари ҳақида боради. Зулфиянинг онаси шаҳарда ишлашга мажбур, қиз эса қишлоқда бувиси билан яшайди. Қизгина шаҳарга онасининг олдига кетишни, уни ёнида бўлишни орзу қилади.

Фильм 2018 йилда “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмаси асосида суратга олинган. У “Олтин Ҳумо” миллий мукофоти учун ўтказилган танловда “Йилнинг энг яхши фильми”, “Энг яхши сценарий” ва “Энг яхши монтаж” номинациялари бўйича ғолибликка лойиқ кўрилган.