Ўзбекистон-Финландия педагогика институти илк битирувчиларини мустақил ҳаётга кузатди
Ўзбекистон-Финландия педагогика институтининг биринчи битирувчиларига диплом топшириш маросими ўтказилди. Унда битирувчи талабалар, уларнинг ота-оналари ва профессор-ўқитувчилар қатнашди.
- Мамлакатимизда педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида 2022 йил 21 июнь куни Республика Президентининг тегишли қарори билан Самарқандда Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ташкил этилганди, - деди институт ректори Шаҳноза Негматова. – Ўтган давр мобайнида институт фаолияти тизимли ташкил этилиб, унда мактабгача ва бошланғич таълим, физика ва астрономия, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, кимё, биология, тарих, психология, жисмоний маданият, ўзбек тили ва адабиёти каби бакалавриат таълим йўналишлари очилди. Ҳозирги вақтда институтда 9 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Бугун институтнинг санъатшунослик факультетидан 128 нафар, жисмоний маданият, спорт ва мактабгача таълим факультетидан 398 нафар, жами 526 нафар ёшлар бакалавр, 9 нафар йигит-қизлар эса магистрлик дипломларига эга бўлди.
Институтни битираётган талабаларнинг 86 фоизи иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг 11 нафари хорижий тил сертификатини қўлга киритиб, ўқишини магистратура босқичида давом эттириш учун ариза топширган.
Тадбирда институтда аъло баҳоларга ўқиган ва намунали хулққа эга талабаларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.