Ишчи-ходимларни ҳимоя қилувчи ташкилот тарихи ҳақида биласизми?

Бу йил Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракати ташкил этилганига 120 йил тўлади.

Вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан журналистлар учун ташкил этилган тадбирда, юртимиз ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган касаба уюшма ходимлари ҳаракати тарихи, унинг Низомининг тузилиши ва ўтган даврда қандай ўзгаришлар содир бўлганлиги ҳақида маълумот берилди.

Таъкидландики, юртимизда илк касаба уюшмалари ташкилоти Ўзбекистон темир йўл ишчилари ва алоқа ходимлари томонидан ташкил этилган. 1905 йилнинг кузида 8 минг нафар ишчи-ходимни ўзида бирлаштирган Туркистон темир йўл уюшмаси ташкил этилган. Ўрта Осиё темир йўллари ишчи ва хизматчиларининг I Қурултойида 1906 йил январидан бошлаб 8 соатлик иш кунини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган. 1 июлда эса Тошкентда Ўрта Осиё ва Оренбург-Тошкент темирйўлчиларининг I Туркистон Қурултойи ўтказилиб, унда ишчи-ходимларнинг Устави қабул қилинган. Шунингдек, 1905 йилнинг 24 октябрида Почта-телеграф уюшмасининг Туркистон бўлимини ташкил этилиб, қўмита аъзолари сайланган.

- Илмий ўрганиш ва тарихий-назарий таҳлиллар мамлакатимизда илк касаба уюшмалари ҳаракати 1905 йилда бошланганлигини кўрсатиб турибди, - дейди Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. - Ўзбекистон Миллий архиви, Кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви, Президент Администрацияси архиви, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон тарихи музейи ва бошқа қатор илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилинди. Санкт-Петербург шаҳридаги Россия давлат тарихи архиви фонди ҳамда Россия миллий кутубхонасидаги 1000 дан ортиқ тарихий ҳужжатлар ҳамда ўтган аср бошларида чоп этилган “Туркистон”, “Ишчилар дунёси”, “Хуршид”, “Тараққий” ва “Самарқанд” газеталарининг 200 дан ортиқ сонлари ўрганилиб, атрофлича чуқур таҳлил этилди.

Санага бағишланган тадбирларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида вилоят кенгашининг раҳбар ва ёшлар учрашувлари, маданий, маърифий ва спорт тадбирлари, шунингдек, меҳнат муҳофазаси, касаба уюшмалари қонунчилиги мавзуларида давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ўтказиш дастури ишлаб чиқилган.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ва вилоят ёшлар марказида бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида 400 нафар ёшлар иштирок этди. “Саёҳат, зиёрат, саломатлик" шиори остида ҳар ҳафтанинг жума куни “Самарқанд шаҳри бўйлаб 5 минг қадам” пиёда юриш марафони ўтказиб келинмоқда. Булунғур туманида, Самарқанд Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ўтган “Уч авлод учрашув”ларида 500 нафардан ортиқ нуроний ва ёшлар иштирок этди.

Жорий йилда вилоятдаги 4211 та бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилиб, ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар таҳлил қилинди, фаолиятда эътибор қаратилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Муқобиллик асосида очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан 786 та бошланғич касаба уюшма ташкилотларига янги раислар сайланди.

Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд филиалида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар иштирокида семинар ўтказилиб, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда, ишлаб чиқаришда жароҳатланишлар ва касб касалликларнинг олдини олишда самарали меҳнат қилган мухандис-техник ходимлар касаба уюшмаларининг совғалари билан тақдирланди.

Жорий йилда 6200 нафар, жумладан, 3200 нафар ишловчи ходим ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш белгиланган бўлиб, ҳозиргача уларнинг 1032 нафарига санаторияларга йўлланмалар берилди. 22 нафар меҳнат ва уруш фахрийлари, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи фарзандталаб ёш оила вакиллари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишловчи вакилларига бепул йўлланмалар берилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида 30 минг нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзоларини юртимиздаги тарихий обидаларга саёҳатлари режалаштирилган бўлиб, уч ой ичида 7366 нафарига бундай имконият яратиб берилди. Шунингдек, 150 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари Хоразм вилоятига 3 кунлик, 201 нафари Тошкент шаҳрига 2 кунлик бепул саёҳат қилди. Турли шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган 800 нафар хотин-қиз учун Самарқанд шаҳри бўйлаб зиёрат саёҳати ҳамда “Муқаддас аёл” номли маданий тадбири ташкил этилди.

- Жорий йилда вилоятдаги 12 та ёзги оромгоҳларда 7620 нафар болаларни дам олдириш режалаштирилган, - дейди кенгаш раиси ўринбосари Акбар Абдусаидов.- Ҳозирда кенгаш қошидаги Болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил этиш департаментига қарашли 10 та, Жомбой туманидаги “Қалдирғоч” ҳамда Пахтачи туманидаги “Хумор” оромгоҳларида ёзги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши ва тармоқ касаба уюшмалари томонидан сана муносабати билан “Касаба уюшмалари фаолиятини ёритган энг фаол журналист” вилоят кўрик-танлови ҳам эълон қилинди. Ижодкорлар ушбу танловга касаба уюшмалари фаолияти, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги мақола ва кўрсатувлари билан иштирок этишлари мумкин.

Танлов жорий йилнинг 1 октябригача давом этади ва ғолиблар 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирида мукофотланади.

Матбуот анжуманида журналистларнинг касаба уюшмалари ҳаётидаги меҳнат қонунчилигига оид қатор саволларига соҳа мутахассислари жавоб берди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.