Ўзбекистон кубоги. Финал олдидан финал: "Динамо" — "Пахтакор"га қарши

Ўзбекистон кубоги ярим финалида "Динамо" жамоаси Тошкентда "Пахтакор" меҳмони бўлади.

Икки жамоадан қай бири ғалаба қозонса, финалда "Бухоро" ва "Сўғдиёна" учрашуви ғолиби билан куч синашади.

Учрашувлар тарихи "Пахтакор" ва "Динамо" жамоалари кубок баҳсларида шу пайтга қадар 6 марта тўқнаш келган. Икки марта уй-сафар тартибида ва икки бор битта ўйиндан иборат тўқнашувлар кузатилган.

"Шерлар" (Пахтакор) 3 ғалабага эришган. Икки учрашув дуранг билан якунланган, яна бир ўйинда эса "Динамо" зафар қучган. Тўплар нисбати — 18:10, "Пахтакор" фойдасига.

Вадим Абрамов шогирдлари Суперлига доирасида 2025 йилги мавсумда “Пахтакор”ни март ойида Тошкентда мағлуб этган (1:0), Самарқанддаги баҳсда эса 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Кубок доирасидаги сўнгги ўйинда “Динамо” 2023 йилда Про лига вакили бўлишига қарамай, чорак финалда “Пахтакор”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олган эди.

Бугунги ўйин ҳар икки жамоа учун ҳам жуда муҳим. Агар асосий вақтда ғолиб аниқланмаса, қўшимча икки бўлим, зарурат бўлса, пенальтилар сериясига мурожаат қилиниши мумкин.

"Пахтакор" ва "Динамо" ўртасидаги ўйин бугун соат 18:00 да "Жар" стадионида бошланади.

Ўйин "Sport" телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилади.