Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси
Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” VII халқаро конгресси ўз ишини бошлади.
Кейинги йилларда юртимизда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг кўплаб қарор ва фармонлари қабул қилинди ва бу маданий меросимизни ўрганишга катта туртки берди.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳам ана шу эътибор самараси ўлароқ 2018 йилда дунёнинг 40 мамлакати 300 дан ортиқ шарқшунослари ташаббуси билан ташкил этилган ва 2019 йилда Парижда расман рўйхатдан ўтган. Жорий йилда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) Ўзбекистонда рўйхатдан ўтди ва Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очди.
Еттинчи халқаро конгресс Бутунжаҳон жамиятининг илмий кенгаши ва бошқаруви йиғилиши билан бошланди.
Унда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Беҳзод Йўлдошев, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, Турксой бирлашган музейлари бош координатори Жавид Мовсумли, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова, Германиядаги Cultur-cooperation International e. V. фонди директори Кетлин Гёбель ва бошқалар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритдилар. Бу борада WOSCU томонидан амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.
– Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқлик, Ўзбекистон халқининг маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этиш борасидаги сиёсати ва бевосмита кўмаги натижасида юзага келган, – деди Ф.Абдухолиқов. – Ушбу лойиҳа ўтмишда заминимизда яратилган ва ҳозирда турли сабаблар туфаули дунёнинг йирик кутабхоналари ва музейларида, шахсий коллекцияларда сақланаётган санъат ва маданият дурдоналари ҳақида маълумот тўплаш мақсадида ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида юзлаб олимлар, маҳаллий ва халқаро экспертлар, мутахассислар кўмагида дунёнинг турли ўлкаларида сақланаётган ноёб маданий меросимиз ҳақида тўпланган маълумотларнинг 60 жилди “Ўзбекистон маданий мероси” туркумида чоп этилди. Бу йилги конгрессимизда эса мазкур туркумда 61–70 жилддан иборат 10 та янги китоб-альбом тақдим этилмоқда. Бундан ташқари яна ўндан ортиқ ноширлик лойиҳаларимиз тақдимотлари ўтказилади. Албатта, буларни тўплаш осон бўлаётгани йўқ. Лекин ҳукуматимиз ва ҳомий ташкилотлар кўмагида, заҳматкаш олимларимизнинг изланишлари натижасида ноёб манбааларни ўрганишга ва уларни халқимизга ҳамда бутун дунёга Ўзбекистон маданий мероси сифатида тақдим этишга эришаяпмиз.
Шундан сўнг конгресс доирасидаги халқаро конференцияларда “Мероснинг янги қирраларини кашф этиб: жаҳон тўпламларидаги ўзбек коллекциялари”, “Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларидан Шарқ қўлёзма мероси дурдоналари”, “Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларида Марказий Осиё музейлари ва кутубхоналари”, “Марказий Осиё тарихи ва санъати: изланишлар ва кашфиётлар” ҳамда “Кино ва медиа олами: меросга янгича нигоҳ” каби мавзулар муҳокамаси бошланди. Уларда 120 га яқин илмий маърузалар тингланиши кўзда тутилган.
Конгрессда дунёнинг 40 га яқин мамлакатидан 300 нафардан ортиқ тарихчи, матншунос ва манбаашунос олимлар, музей ходимлари, илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.