Ўзбекистон-Озарбайжон: Тарихий бирлик, бугунги ҳамжиҳатлик, келгуси тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Ўзбек ва озар халқлари бир-бирини таржимонсиз, ўз она тилидаги сўзлари билан дилдан тушунадиган, турмуш тарзи, орзу-интилишлари, мақсад ва муддаолари бир бўлган халқлардир. Бунга ўтган минг йилликлар гувоҳ.
Тарих, адабиёт, маданият, санъат, меъморчилик соҳаларида яратилган ва яратилаётган дурдоналар икки халқ томонидан ҳам ўзимизники деб қабул қилинади. Бунга мисоллар кўп.
Бугунги глобаллашган даврда ҳеч бир мамлакат ёки миллат фақатгина ўз имконияти билан билан тўлақонли ривожланиш ва тараққиётга эришиши қийин. Оддий қилиб айтганда, эҳтиёжларимиз учун зарур бўлган барча маҳсулот ва хизматлар, экспорт ва импорт, янаям соддароқ қилиб айтсак, борди-келди, олди-сотди тегишли қонунлар, тартиб ва таомилларсиз амалга ошмайди. Ушбу масалалар давлат раҳбарларининг эзгу интилишларида устуворлик касб этиб, улар томонидан имзоланаётган олий даражадаги, ҳукуматлар ва Парламентлар ҳамкорлиги асосида қабул қилинаётган кўплаб ҳужжатларда ўз аксини топиб, ҳамкорликнинг янги имкониятларини таъминламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Озарбайжон Республикасига амалга оширган бу галги ташрифи ҳам 10 дан ортиқ битимлар имзоланиши, шу даврга қадар забт этилган ҳамкорлик марраларини янада ривожлантришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Кейинги 8 йилда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар алмашиш қарийб 8 баробарга ошиб, ўтган йил якунлари бўйича 253 млн АҚШ долларига етди. Мамлакатимиз маҳсулотлари экспорти 7,5 баробарга ошиб 208 млн АҚШ долларини ташкил этди. Озарбайжондан мамлакатимизга кириб келган импорт товарлари ҳажми 45 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Ташриф давомида товар айирбошлашни икки томоннинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда 2030 йилгача 1 млрд АҚШ долларига етказиш борасида йўл харитаси имзоланди. Озарбайжон Президенти мамлакат пойтахти Боку шаҳрида Ўзбекистон боғини қуриш лойиҳасига бош-қош бўлаётган бўлса, худди шундай мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида Озарбайжон боғини яратишдек, икки халқнинг бир-бирига бўлган ҳурмати, ҳамкорлиги намунаси сифатида қад ростлайдиган боғ ташаббускори Юртбошимиз бўлмоқда. Ташриф давомида кўплаб амалий мулоқот ва тақдимотлар ташкил этилгани ҳам юқоридаги фикрларимизни далиллайди. Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи давомида икки давлат раҳбарлари ҳузурида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида қабул қилинган ҳужжатлар эса ҳамкорлик қамрови ва кўлами янада кенгайиб бораётганига ёрқин мисолдир. Жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикаларининг Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани 2025−2029 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси», Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Фан, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, 2025−2026 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси дастури, 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш дастури, 2025−2027 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси, 2025−2027 йилларда ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси, Кемачилик ва кемасозлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома, Тошкент вилояти ва Сумгаит шаҳри, Навоий ва Габала шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида имзоланган келишувлар келгуси ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ҳисобланади.
Яна бир маълумот, Озарбайжон бугун ўзининг жойлашган географик ўрни, Европа ва Осиёни боғловчи чорраҳада жойлашгани, қардошларимизнинг нафақат Марказий Осиё, балки Европадан Осиёга ва ўз навбатида Осиёдан Европа давлатларига товарлар алмашинуви, балки бугунги электр энергияси транзитида ҳам муҳим аҳамиятга эга мамлакат сифатида имкониятларини янада оширмоқда. Ташриф давомида ана шу йўл орқали ташилаётган мамлакатимиз юклари ҳажми 25 фоизга ошгани қайд этилди.
Қисқача айтганда, бугунги глобаллашув жараёнлари икки қардош халқларни мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланишга, ривожланиш ва тараққиётни биргаликда таъминлаш йўлида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янги босқичга олиб чиқишга ундамоқда.
Илҳом Ботиров,
ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши раиси в.в.б., халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.