Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг «Чашма» участкасида содир бўлган ҳодиса бўйича Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

Унда айтилишича, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси «Чашма» участкасида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида маҳаллий даражадаги ҳодиса юз берди.

Воқеа сабабларини икки томон расмий шахслари ўрганиши шуни кўрсатдики, «Чашма» булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув оқибатида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан.

Ҳодиса туфайли икки томондан ҳам жабрланганлар бор. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.

Икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг музокаралари натижасида вазият тўлиқ назоратга олинди. Томонлар бундан кейин олдиндан келишувсиз тозалаш ишларини олиб бормасликка келишиб олдилар.

Таъкидлаш жоизки, «Чашма» булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд.

2020 йил 1 июнь куни соат 09.00 да Ўзбекистон Республикаси Бош вазири A.Ариповнинг Қирғизистон Республикаси ҳукумати раҳбари в.б. K.Боронов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Томонлар трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегарада юзага келадиган муаммоларни дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида 2017 йил 6 октябрда имзоланган Чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим қоидаларига мувофиқ ҳал қилишга келишиб олдилар.

Ҳукумат раҳбарлари яқин вақт ичида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ўзбекистон Республикасининг чегарадош вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди ҳудудларидаги ваколатли вакиллари Кенгашини ўтказишга келишиб олдилар.

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари биргаликда маҳаллий аҳоли билан ҳам учрашув ўтказди.