Ўзбекистонда ДНК орқали очилган илк жиноят
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги ижобий ишларни бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Жиноятчиликка қарши замонавий криминалистика ютуқларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратилиб, жиноятлар изи совимасдан фош этилмоқда.
Бундай кескин ва мураккаб жараёнларда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари ҳам фаол иштирок этаётганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Мазкур тизим жиноятларни фош этишда фан-техника янгиликлари ҳамда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб иш кўраётганлиги эътиборга лойиқ. Буни биргина мисол — 1992 йилнинг 30 ноябрь куни Самарқанд Олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳудудида рўй берган мудҳиш воқеа — вояга етмаган Елена Красикованинг фожиали ўлими билан боғлиқ ўта чигал жиноий ишни фош этишдаги изланишлар, машаққатлар мисолида ҳис этиш мумкин.
Ҳарбий билим юртидаги сирли қотиллик
…Ўша куни қизнинг жасади топилганда, танасида турли жароҳатлар билан бирга унинг зўрланганига доир аломатлар ҳам аниқланган эди. Аммо жиноятни ким қилгани, норасида қизни ким бу кўйга солгани ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса эшитмаган, ҳеч ким ҳеч нимани кўрмаган эди. Боз устига қотил на бирон из, на бирор далил қолдирган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд ҳарбий прокурори Шуҳрат Узоқов томонидан эски таҳрирдаги Жиноят кодекси 80-моддасининг 8-банди (оғирлаштирувчи ҳолатда одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди.
Таъкидлаш жоизки, бу даврлар — мустақилликнинг дастлабки йиллари, ҳар бир соҳада қайта тикланиш жараёнлари рўй бераётган ўта оғир дамлар эди. Ана шундай мураккаб бир вақтда, Олий ҳарбий билим юрти ҳудудида содир этилган ушбу мудҳиш қотиллик жиноятини фош этишда ҳам кўплаб қийинчиликлар бўлиши табиий эди. Чунки қотиллик рўй берган айнан ўша пайтда мазкур Олий ҳарбий билим юртида таҳсил олаётган, собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан келган курсантлар ўз юртларига қайтарилаётган эди. Бу эса қотилни топишни янада қийинлаштирарди.
Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида билим юртининг 7 нафар курсанти — Россия, Қозоғистон, Украина, Белоруссия Республикалари фуқаролари жиноят содир этишда гумон қилиниб, билим юрти ҳудудидан чиқарилмай ушлаб турилди. Чунки жиноятни ушбу гумондорларнинг қайси бири содир этганини аниқ тасдиқловчи, инкор этиб бўлмас далил йўқ эди. Гумондорлар ўз юртига жўнатиб юборилса, жиноят очилмасдан қолиши муқаррар эди. Ҳолат ниҳоятда мураккаб эди.
Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов муддати якунланаётган бир вақтда бир неча хорижий давлат фуқароларини гумон қилинувчи тариқасида ушлаб туриш, жиноятни уларнинг бири содир этганига ички ҳиссиётларга кўра ишонч кучи бўлса-да, буни исботлаш учун етарлича далил топилмагани туфайли Самарқанд ҳарбий прокурори лавозимида хизмат қилган Шуҳрат Узоқов туну кун тиним билмай жиноятни фош этишнинг ноанъанавий усулларини топиш устида изланарди.
Ўзбекистонда ДНК орқали очилган биринчи жиноят
Шуҳрат Узоқов ҳар куни иш бошлашдан олдин, мамлакатимизда ва хорижда чоп этиладиган босма нашрлар — газета-журналларни ўқишга одатланган. Матбуотдаги соҳага доир янгиликлар, жаҳон миқёсидаги вазият уни бефарқ қолдирмас эди. Қотилликни очиш учун тинимсиз изланаётган ҳарбий прокурор шундай кунларнинг бирида суд-ҳуқуқ соҳасига оид Москвада чоп этиладиган “Законность” журналида суд-тиббий экспертизасининг янги тури — ДНК экспертизаси ҳақидаги мақолани ўқиб қолди.
Мақолада бу экспертиза инсоннинг қон, сўлак ва бошқа ажратмаларини 99,9 фоиз аниқлик билан айнан кимга тегишлилигини фош этиши қайд қилинган эди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ДНК ёки дезоксирибонуклеин кислота — бу специфик уникал молекула. Фақат тирик организмда бўладиган бу молекуланинг ўзига хослиги шундан иборатки, ушбу кичик биологик структурада организмга хос барча маълумотлар жамланади.
Ҳарбий прокурор Ш.Узоқов эса жиноятни фош этишда мазкур экспертизани қўллаш зарурлиги ҳақида бир тўхтамга келди. Аммо қандай қилиб буни уддалаш мумкин? Зеро, мустақиллигимизнинг илк йиллари, мазкур турдаги экспертиза амалиётга жорий этилмаган, ҳатто унинг имкониятларидан фойдаланишнинг иложи ҳам йўқ бўлган давр эди. Маълумот учун айтиш лозимки, орадан 8 йил ўтгандан сўнггина, яъни 2000 йилда Ўзбекистонга мазкур турдаги экспертиза кириб келган.
Аммо Шуҳрат Узоқов фикрида қатъий турди. Узоқ изланишлардан сўнг Россия Федерацияси Москва шаҳрида жойлашган ушбу суд-экспертиза бюросининг бошлиғи Светлана Владимировна Гуртовая билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Суҳбат давомида жиноятни фош этиш бўйича ушбу экспертиза имкониятлари ҳақида фикр алмашгач, мавзу ҳарбий билим юртида рўй берган қотилликка кўчди. Бюро бошлиғини бу эскпертизани ўтказишда амалий ёрдам беришга кўндирди. Шу тариқа Ш.Узоқов ташаббуси билан мамлакатимиз тарихида биринчи марта ДНК экспертизаси ўтказилди.
Жиноятни очишда ўзида жиноят изларини сақлаб қолган ашёвий далиллар, хусусан, марҳум Е.Красикованинг жасадида аниқланган қон излари, сперма доғларининг кимга тегишли эканлигини аниқлаш юзасидан хорижий давлат экспертиза муассасасига ДНК экспертизаси тайинланиб, жиноят иши ашёвий далиллар билан Шуҳрат Узоқов шахсий жавобгарлиги остида Москва шаҳрига юборилади.
Ҳарбий прокурорнинг қатъияти туфайли қотил топилди…
Орадан икки ой ўтгандан сўнг, жиноят иши эксперт хулосаси билан Самарқанд ҳарбий прокуратурасига келиб тушади ва марҳумада аниқланган қон излари ва бошқа биологик доғларига кўра, гумон қилинувчи Қозоғистон Республикаси фуқароси Заур Кенжебаевга тегишли экани маълум бўлади. Натижада жиноятга доир тафсилотлар ойдинлашади.
Мудҳиш жиноятга қўл урган шахс қотиллик қилганини тан олади. Хусусан, мавжуд далиллар жиноят қуйидагича содир этилганини кўрсатди: жиноят содир этилган куни соат 20:30 лар атрофида курсант З.Кенжебаев спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда билим юрти ҳудудидаги “дискотека”дан чиқиб, билим юрти штаби томон бораётган вояга етмаган Красикова Елена Александровнани кўриб қолади. Қизни тўхтатиб, унга ўзи билан бирга бўлишни таклиф қилади. Елена Красикова унинг таклифини рад этади ва қочиб кетади. Ичкилик таъсирида ақлу ҳушини йўқотган курсант қизнинг ортидан қувади. Вояга етмаган ёш қиз бақувват йигитга бас кела олармиди? Бир зумда қизга етиб олган курсант уни томоғидан бўға бошлайди. Бу билан ҳам ғазаби босилмай, Еленани уриб-дўппослайди ва номусига тегади. Натижада Елена ҳушидан кетиб, ҳодиса жойида вафот этади. Виждонсиз З.Кенжебаев эса кўздан ғойиб бўлиб, ҳеч нарса кўрмагандек, бу воқеаларга алоқаси йўқ кимсадек жим юраверади.
8 ойдан ортиқ давом этган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, жиноят иши бўйича билим юрти курсанти Заур Кенжебаевга нисбатан эски таҳрирдаги Жиноят кодекси 80-моддасининг 8-банди (оғирлаштирувчи ҳолатда одам ўлдириш) ва 94-моддаси 4-қисми (номусга тегиш) билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун ҳарбий судга юборилади.
Ҳарбий суднинг 1993 йил 1 ноябрдаги ҳукмига кўра адолат қарор топиб, Заур Кенжебаевга жазо муқаррарлиги таъминланган.
Хулоса шуки, инсон қайси соҳада фаолият юритмасин, касбга садоқат, улкан масъулият, жавобгарлик туйғуси уни тарк этмаслиги керак. Қолаверса, юзага келган муаммоли вазиятларнинг ечими ҳар қанча мураккаб бўлмасин, инсон ҳақ-ҳуқуқи, қадр-қимматига дахлдор ҳар қандай ишни ҳал этиш учун тинимсиз изланиш, бор билим ва имкониятларни шу ишга сафарбар этиш чин маънодаги ватанпарвар инсоннинг ишидир. Айниқса, гап содир этилган ва очилмаган жиноят ҳақида кетар экан, ҳақиқатни излаб топиш, адолатни қарор топтириш каби ўта мураккаб вазифа фақат юксак маҳоратли, кучли билимли, профессионал мутахассиснинг фидойилиги туфайлигина амалга ошиши мумкин. Ўз касбига садоқатли юристгина жиноятни ҳар қандай шароитда, ҳар қандай вазиятда ҳам фош этишга куч ва имконият топа олади. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори Шуҳрат Узоқов ана шундай юксак маҳоратли ва жасоратли касб эгаси, қатъиятли ва забардаст шахс.
Баҳодир Худойбердиев,
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари.