Ўзбекистонда илк бор қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади

Бу жараён икки йилдан сўнг амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республикамизда 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбири ўтказилади.

Эътиборлиси, жорий йилнинг август ойида вилоятимизнинг Жомбой тумани ҳамда Тошкент вилоятининг Паркент туманида синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш уч босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич (2022-2024 йиллар) - қишлоқ хўжалик соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш.

Иккинчи босқич (2024 йил) – бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбирини амалга ошириш.

Учинчи босқич (2024-2026 йиллар) – рўйхатдан ўтказишга доир маълумотларни қайта ишлаш, дастлабки ва якуний натижаларни олиш ҳамда эълон қилиш.

Вилоят статистика бошқармаси  ахборот хизмати.