Ўзбекистонда карантин сентябрь ойигача давом этиши ростми?

Карантин қачон тугайди? Ҳурматли, Ҳукумат ва Махсус комиссия аъзолари! Турли ижтимоий тармоқлар, жумладан, телеграм каналларида ҳам “карантин 30 майгача”, “сентябргача” деган хабарлар тарқатилмоқда. Бу хабарлар аҳоли ўртасида турли хил гап-сўз ва ваҳималарга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан карантин қачонгача давом этиши ҳақида оммага аниқ расмий маълумот беришингизни сўраймиз.

Ушбу саволга Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Уринбаева жавоб берди.

“Карантин қачон тугаши ҳақида ҳали аниқ маълумот мавжуд эмас. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш сонининг қисқариши билан карантин ҳолати Махсус комиссиянинг қарори билан бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда эса тегишли равишда ОАВда аҳолига расмий маълумот берилади.

Ёлғон, асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин", деди Уринбаева.