Ўзбекистонлик архитектор қиз халқаро танловда 2-ўринни эгаллади
2019 йилнинг 3-5 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Пёнчанг шаҳрида «World Culture Open» халқаро ташкилоти томонидан «Better Together Challenge 2019» фестивали ўтказилди.
«Better Together» - дунёдаги ижтимоий инноваторларни, ижодкорларни, фаолларни ва хаёлпарастларни илҳомлантирувчи, фикр алмашиш учун бирлаштирувчи глобал фестиваль саналади. Фестивалга 60 мамлакатдан 500 нафар қатнашчи ташриф буюрди.
Бу йилги фестиваль Жанубий Кореядаги 2018 йилги Олимпия шаҳарчасини «Тинчлик ва барқарорлик шаҳри»га айлантириш бўйича ғоялар танловига бағишланди.
Ушбу ғояга 2018 йилги Қишки олимпия ўйинларининг очилиш маросимидаги воқеа сабаб бўлган. Ўшанда икки Корея (Шимолий ва Жанубий)нинг 200 дан ортиқ делегатлари Корея яриморолини бирлаштириш байроғи остида тўпланган эди.
Фестивалда иштирок этиш учун нафақат архитектор ва дизайнерлар, балки ижтимоий инноваторлар, тинчликпарварлар ва бошқалар таклиф этилди.
Ўзбекистонлик иқтидорли архитекторлардан бири Тахмина Турдиалиева Корея яриморолига бағишланган «Garden of Unification» бирлашиш боғини яратишни кўзда тутувчи «Тинчлик ва барқарорлик шаҳри»нинг ғоявий дизайнини тақдим этган ҳолда фестивалда 2-ўринни эгаллади. Ушбу бирлашув боғи экологик тадқиқотлар лабораториясини, ички хотиржамлик ва медитация машқлари учун мослашган майдончаларни ўз ичига олади.
Маълумот учун: Тахмина Турдиалиева 2018 йилги «Turkistan Architects award» халқаро танлови ғолиби бўлган. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг янги авлод истиқболли ва истеъдодли архитекторларидан бири деб тан олинганди. 2012 йилда Президент стипендиати бўлган бу қиз кўплаб республика ва халқаро танловлар ғолиби. Шу билан бирга, шахмат бўйича ФИДЕ халқаро тоифадаги ҳаками, «World Peace Initiative» халқаро ташкилоти ҳамда «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Хитойдаги «Cube Design Architects» халқаро архитектура компаниясида архитектор сифатида фаолият юритмоқда.
Самарқанд вилояти қурилиш бошқармаси.