Ўзбекистонлик тадбиркор дунёнинг "100 нафар илҳомлантирувчи аёл" рўйхатига кирди
BBC 2024 йилги "Дунёнинг 100 нафар илҳомлантирувчи ва таъсирли аёли" рўйхатини эълон қилди.
Ушбу нуфузли рўйхатда Надя Мурад, Шэрон Стоун каби машҳурлар қатори ўзбекистонлик тадбиркор Дилором Йўлдошева ҳам ўрин олди.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи Дилором Йўлдошева икки йил олдинги бахтсиз ҳодиса оқибатида иккала оёғини йўқотган. Аммо бу оғир синов унинг иродасини синдирмади. У фаолиятини тиклаб, тикувчилик бизнесини ташкил этди ва бу орқали ўнлаб аёлларни иш билан таъминлашга эришди. Унинг ташаббуслари мактаб ўқувчилари ва ишчилар учун махсус кийимлар тикиш бўйича катта шартномаларга олиб келди.
BBCнинг мазкур лойиҳаси бутун дунё бўйлаб аёлларнинг қийинчиликларга бардош бериб, жамиятда ўзгаришлар қилиш йўлидаги улкан ҳиссасини намойиш этиб келади. Дилором Йўлдошева ҳам ана шундай курашчан ва илҳомлантирувчи шахслардан бири сифатида рўйхатдан жой олди.