Ўзимизда қазиб олинган табиий газни реализацияси учун акциз солиғи 12 фоизга пасайтирилди
2025 йил 1 апрелдан нефть маҳсулотларига (бензин, дизел ёқилғиси, авиакеросин, мотор мойи), шунингдек, бензинни, дизел ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчига реализация қилишда акциз солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Вилоят солиқ бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Бекзод Солиевнинг маълумот беришича, республикада қазиб олинган табиий газни реализация қилишдаги қўлланиладиган акциз солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилган ҳолда импорт қилинган табиий газни истеъмолчига реализация қилишда худди шу каби 12 фоизлик акциз солиғи ставкасини ўрнатиш назарда тутилмоқда.
2025 йил 1 апрелдан таркибида шакар мавжуд бўлган газланмаган салқин чойлар, мева шарбатлари, саноат усулида ишлаб чиқарилган компотларнинг ва бошқа газланмаган шакарли ичимликларнинг 1 литри учун ҳам 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилмоқда. Бунда мева-сабзавотлардан тайёрланган, табиий ширин (таркибида фруктоза, глюкоза бўлган) ва қўшимча шакар қўшилмаган шарбатлар учун акциз солиғи қўлланилмайди.
Таркибида шакар мавжуд бўлмаган, ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар мавжуд бўлган газланган ичимликларнинг 1 литри учун акциз солиғи ставкасини 500 сўмдан 300 сўмгача пасайтириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, газланмаган худди шундай ичимликларга ҳам 1 литри учун 300 сўм миқдорида акциз солиғи ставкаси жорий этилмоқда.