Ўзимизнинг фожиа
Ижтимоий тармоқлардаги бугуннинг фожиаси шуки, бутун халқ ўқиётган ва бутун бошли ўзбек жамиятининг умумий қиёфаси ва характерини, савияси ва табиатини, кайфиятини кўрсатиб бераётган интернетда (турли мавзулардаги баҳслар ва муҳокамаларда) жамиятнинг элитаси, зиёли қатлами, чин маърифатпарварлари бармоқ билан санарли ёки уларнинг аксарияти шунчаки кузатувчи.
Савол туғилади – нима учун? Қани улар? Нимага биқиниб, шунчаки кузатиб ўтирибди?
Чунки, бу тармоқлар катта издиҳомга, истаган одам истаганча бетутуруқ гапларни айта оладиган (ва бунинг учун жавоб бермайдиган) минбарга, оломоннинг сўкинадиган, ҳуштакбозлик ва бақир-чақир қила оладиган майдонига айланган.
Бу каби савиясиз кимсалар ҳар қандай одамнинг кучли мантиққа асосланган ва тўғри фикрларини ҳам йўққа чиқариб, ҳар қандай инсонни беобрў қилиш имконига эга. Лекин шундай экан, деб чекиниш керакми?
Замонавий минбар, майдон шу ерда экан, демак, жамиятнинг элитаси ҳам, зиёли маърифатпарварлари, энг кучли адабиётшунослари, танқидчилар, сиёсатчилар, таҳлилчилар ҳам шу ерда "жанг" қилсин!
Бирлашсин, жамиятнинг фикрини ўзгартира олсин! Шундагина миллат, халқ, жамият ўзгаради, онги, тафаккури ўсади. Йўқса, интернетнинг бундай улкан имкониятидан фақат ғийбатхона сифатида фойдаланганимиз қолади, холос...
Салоҳиддин Санақулов.