ЎзЛиДеП; “Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлсин”
Нуробод тумани Жанубий кон бошкармаси Маданият саройида ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзодлар сайловчилар билан учрашув ўтказди.
Тадбирда сўз олган ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ботиров партиянинг сайловолди дастуридан соҳалар кесимида маълумотлар берди.
Таъкидланганидек, дастурда “Ҳар бир оила ўз уйига эга бўлсин” деган шиор амалга татбиқ этилади. Келгуси йилларда қўшимча уй-жой қурилиши соҳасига 15 миллиард доллар маблағларни йўналтириш орқали 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилиши ҳамда уч ва ундан ортиқ фарзанди бор 35 ёшгача бўлган шахсларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредитлари ажратилиши ва янги уй-жой сотиб олган фуқароларга қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб бериладиган тизим жорий этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, тадбирда Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган иштирокчилар дастурий мақсад вазифалари билан таништирдилар.
- Маош олувчи фуқароларни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баробаригача даромад солиғидан озод этилиши ва ногирон шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар давом эттирилади, - дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод Анвар Муродов. - Ногиронликни белгилаш жараёнларини соддалаштирилади ва сарсонгарчиликка йўл қўйилмайди, тиббий ижтимоий эксперт комиссиялари бемор тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимдан олиши ва электрон расмийлаштирилади.
Шунингдек, оиласидаги ногирон шахсга қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизимини жорий қилиш ҳар иккиси манфаатига хизмат қилади. Биз ногиронлиги бўлган шахсларни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган тадбиркорларга енгилликлар бериш тартибини кенгайтириш масалалари кейинги беш йилликда жадаллаштирилиши қайд этилди.
Шунингдек партия фаоллари фуқароларга ЎзЛиДеП сайловолди дастуридаги муҳим вазифалар флайер, буклет ва тарқатма материал шаклига келтирилиб тарқатилди. Кенг жамоатчилик вакилларига 5 мақсад ва 500 вазифани ўз ичига қамраб олган партия сайловолди дастури мазмун-моҳияти ҳақида лўнда, халқона тилда тушунчалар берилди.