Пандемияга қарши йўналтирилган пул маблағларининг сарфланиши бўйича текширув бошланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат жамғармаси фаолияти юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувнинг дастлабки натижалари ҳақида ахборот берилди.

Унга кўра, масъуллар ўзаро олдиндан тил бириктириб, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини қиммат нархларда сотиб олиб, жамғарманинг 2,8 миллиард сўм маблағларини талон-торож қилгани аниқланган. Жиноят иши бўйича тўлақонли тафтиш тайинланган. Айбдорларнинг тегишли жавобгарликка тортилиши, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилиши таъминланади.

Пандемия муносабати билан ажратилган пул маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари бундан аввал ҳам аниқланган. Жумладан, Андижон, Наманган, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва бошқа ҳудудларда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан катта миқдордаги пул маблағлари ноқонуний ўзлаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармоннинг 2-банди талаблари доирасида Агентлик кенг қамровли ўрганишлар бошланганлигини маълум қилади.

Таҳлил натижалари жамоатчилик эътиборига етказилади.