Пандемиянинг Ўзбекистон аэропортларига таъсири: Йўловчилар сони 5,4 миллионга камайди

Мамлакатимиздаги халқаро аэропортлар 2019 йининг 9 ойида салкам 6 ярим миллион йўловчига хизмат кўрсатган, 2020 йилнинг худди шу даврига келиб, йўловчилар сони ўртача 1 миллион 800 нафарни ташкил этган.

Бу ҳақда бугун АОКАда ўтган брифингда «Uzbekistan Airports» АЖ ахборот хизмати раҳбари Лаълихон Собирова маълум қилди:

➖ Пандемия сабабли бутун дунё авиация соҳасида юзага келган ҳолат Ўзбекистон аэропортларида ҳам кузатилди. Карантин чекловлари жорий қилиниши оқибатида авиақатновлар бутунлай тўхтади, йўловчилар оқими кескин қисқарди. Бу табиийки, жаҳонда инвестициялар ва сайёҳлар оқими камайишига олиб келди.

Ваҳоланки, 2020 йилнинг 19-20 февраль кунларида бўлиб ўтган Халқаро авиация кўргазмаси ҳамда форумида «Uzbekistan Airports» АЖ 14 та хорижий авиакомпания билан 34 та шартнома, 15 та меморандум имзолаганди. Унда жами 142 та авиақатновни амалга ошириш мўлжаллаган эди.

Таҳлил натижаларига кўра, йўловчи ва юк авиаташувлари бўйича Ўзбекистон халқаро аэропортлари 2019 йининг 9 ойида салкам 6,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатган, 2020 йилнинг худди шу даврига келиб эса, йўловчилар сони ўртача 1 миллион 800 нафарни ташкил қилган. 2019 йилда ташилган юк миқдори 51 минг 300 тонна бўлса, 2020 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич қарийб 50 минг тоннадан иборат бўлган.