Париж-2024: Сафина Саъдуллаева финалда, камончиларимиздан мағлубият, Алишер Юсупов чорак финалда ютқазди
Сафина Садуллаева енгил атлетикачиларимизнинг "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокини бошлаб берди. Баландликка сакраш дастурининг саралаш босқичида иштирок этган ҳамюртимиз В гуруҳида 1.95 метр натижа қайд этди. Мавсумдаги энг яхши натижасини кўрсатган Саъдуллаева шу тариқа 4 август куни бўлиб ўтадиган финал дастурига йўлланма олди.
Камончиларимиз кейинги босқичга ўта олмади
Олимпия ўйинларида камондан отиш спортида дебют қилган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун мусобақа ниҳоясига етди. Бугун аралаш жуфтлик дастурининг 1/8 финалида иштирок этган Амирхон Содиқов ҳамда Зиёдахон Абдусатторова жуфтлиги Бреди Эллисон ва Кезей Каухолд (АҚШ) тандемига 0:6 ҳисобида имкониятни бой берди ва ўз иштирокини тугатди.
Алишер Юсупов чорак финалда ютқазди
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Алишер Юсупов Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокини муваффақиятли бошлаган эди. У словакиялик Мариус Физелни енгиб, чорак финалга чиқди. Аммо чорак финалда Golden Score'да учинчи шидо эвазига тожикистонлик рақибига ютқазди.
Энди Юсупов кечги дастурда тўғридан-тўғри бронза медали учун курашадиган бўлди. Сабаби, унинг ўтиш босқичидаги рақиби, грузиялик Гурам Туташвили мусобақадан четлатилди.
Медаль учун баҳсда Юсуповга япониялик Татсуру Саито ва жанубий кореялик Ким Мин Жонг ўртасидаги баҳсда мағлубиятга учраган спортчи рақиблик қилади.